БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ҚАЛБ ХУСУСИДА
2634 марта ўқилди.
БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ҚАЛБ ХУСУСИДА
Қалб масаласи тасаввуф таълимотларининг диққат марказида бўлган. Тасаввуфнинг нақшбандия таълимоти асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд, Шоҳи Нақшбанд, Хожаи Бузург каби номлар билан машҳур Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий (1318-1389) ҳам қалб масаласига махсус эътибор берган.
Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг таҳлили кўрсатадики, уларда қалб икки маънода тушунилади: биринчиси – танада жойлашган бир парча гўшт парчаси, яъни юрак бўлса, иккинчиси – раббоний руҳ деб аталадиган латоиф қалбдир. Қалб латиф илоҳий руҳ бўлиб, олам ҳақиқатини идрок этиши, ақллар ҳайратда қоладиган нарсаларни била олиши, жисм билолмайдиган нарсалар ва сифатларни англаши каби имконияти чексиз даражада бўлган борлиқнинг бир кўринишидир. Қалб раббоний руҳ маъносида асл ҳақиқатини билувчидир. Нақшбандия таълимотида раббоний руҳ деб аталувчи латиф қалб билан жисмоний гўштпора кўринишдаги юрак орасида махсус боғланиш борлиги таъкидланган.
Юрак жисмни ҳаракатга келтирувчи бўлган қон томирларига жон берса, қалбга олти нарса хослигини Баҳоуддин Нақшбанд қуйидагича таъкидлайди: ҳаёт ва ўлим, соғлик ва касаллик, уйқу ва уйқусизлик. Буларнинг мазмуни қуйидагича изоҳланади: қалбнинг ҳаётлиги - уни ҳидоят қилувчи эканлигида бўлса, қалбнинг ўлими йўлдан адашиб, залолатга ботишидир; қалбнинг соғлиги унинг поклиги, касаллиги алоқалар, боғланишлар билан ўралашиб қолишида; уйқу ҳолати - қалбнинг ғафлатда қолиши, унинг бедорлиги - ҳушёрлигидир. Нақшбандияда қалбнинг дақиқ, нозик, латифлиги таъкидланиб, уни гуноҳ, ёмон нарсалардан асраш лозимлиги уқтирилади. Арзимас гуноҳ ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилади.
Шунинг учун Баҳоуддин Нақшбанд шундай деганлар:
Зи ғайрат хонаи дилро зи ғайр кардаам холи,
Ки ғайратро намешояд дар ин хилватсаро будан.
Мазмуни:
Ғайрат қилиб, қалб уйини ғайр бегонадан бўшатдим,
Чунки бу хилват саройига яъни қалбга (Аллоҳдан ўзга)ни ёд айлаш мумкин эмас.
Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
вилоят бош имоми
«орқага