МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ – ЎРТА АСРНИНГ БУЮК ТАСАВВУФШУНОСИ
1236 марта ўқилди.

 

МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ – ЎРТА АСРНИНГ БУЮК ТАСАВВУФШУНОСИ

(вафоти 1043 й.)

1. Мустамлий Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти

Ўз даврининг диний ва дунёвий билимлар ҳамда тасаввуф илмининг билимдони бўлган серқирра олим ва йирик мутафаккир, буюк имом ва зоҳид Хожа Абу Иброҳим Исмоил бин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий тахминан X асрнинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрида туғилиб, вояга етган. Шарқ уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний (973 – 1048), Абу Али ибн Сино (980 – 1037), Хожа Абдуллоҳ Ансорий (1006 – 1088), Шайх Абусаид Абулхайр (957 – 1049), Абулқосим Фирдавсий (940 – 1010) каби улуғ мутафаккирлари билан замондош бўлган Мустамлий Бухорий ўз даврининг Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф, фалсафа, тарих, тил ва адабиёт каби диний ва дунёвий билимларини чуқур ўрганган. Бундан ташқари, Мустамлий Бухорийнинг асарларидан унинг математика, астрономия, тиббиёт, кимё ва минералогия каби фанлардан ҳам хабари бўлганлиги маълум бўлади. Ўрта Осиёда илм-фан ва маданият гуллаб-яшнаган бу давр Мустамлий Бухорийнинг ижодий камолоти ҳамда буюк олим ва мутафаккир бўлиб етишишида катта роль ўйнаганлиги шубҳасиз.
«Мустамлий» сўзи араб тилида «ёзувчи», «котиб», «тушунтирувчи», «шарҳловчи» маъноларини билдириб, ўрта асрларда дарс берувчи устознинг ёрдамчиси, ўқувчиларнинг саволларига жавоб берувчи ҳамда талабаларнинг хатоларини тузатувчи кишини «мустамлий» деб аташган. Шунингдек, бу ном улуғ шахслар ва уламоларнинг айтганларини ёзиб борувчи ва уларни бошқаларга ёздирувчи кишиларга нисбатан ҳам қўлланилган. Мустамлий Бухорий ушбу нисбани ўзига «ёзувчи» ёки «шарҳловчи» маъносида олган бўлиши мумкин.
Бухоролик таниқли муҳаддислардан бўлган Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Нақбуний ва Қози Абу Саид Халил ибн Аҳмад ас-Сижзийлар Мустамлий Бухорийнинг ҳадис илмидаги устозлари бўлишган. Бошқа бир машҳур ҳадисшунос олим Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ас-Соиғ эса унга ўша даврда Бухорода машҳур бўлган «Муснад ус-сирож ал-қадар» ҳадислар тўпламидан дарс берган. Тасаввуф илмини эса Мустамлий Бухорий ўша даврнинг буюк алломаларидан бўлган «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асари муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Яъқуб ал-Калободий ал-Бухорий ал-Ҳанафий ҳузурида ўрганган. Бундан ташқари, Мустамлий Бухорий кексалик чоғларида тасаввуф илми соҳасида Омул (Чоржўй) шайхларидан ҳам таълим олган.
Устозлар ҳузуридаги таълим ва узоқ йиллик ўқиб-ўрганишлар натижасида Мустамлий Бухорий тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф ва фалсафа соҳаларида йирик олим бўлиб етишди.
Мустамлий Бухорийнинг айнан ҳадис илмига бағишланган бирор асар ёзганлиги маълум бўлмаса-да, ўз асарларида бу борада орттирган билимларидан кенг фойдаланган. Шунингдек, у ҳадис илмининг етук билимдони сифатида ушбу илмни ўрганувчиларга таълим берган. Жумладан, машҳур муҳаддис Абу Али Муҳаммад ибн Али ал-Хужодий (1026 йил туғилган) Мустамлий Бухорий ҳузурида ҳадис илмини ўрганган.
Мустамлий Бухорий чуқур эгаллаган илм соҳаларидан яна бири фиқҳ бўлиб, унинг бу борадаги билимлари ҳам у ёзган асарларда акс этган. Мустамлий Бухорийнинг фиқҳ илмида тутган ўрни борасида шуни эслатиб ўтиш мумкинки, X – XII асрларда Бухоро шаҳрида яшаб, фаолият кўрсатган ва фиқҳ илми ривожига муносиб ҳисса қўшган етти машҳур фақиҳ бутун ислом оламида «Қуззоти сабъа» («Етти қози») номи билан танилган бўлиб, Мустамлий Бухорий ана шу етти буюк зотнинг бири бўлган. Ушбу буюк «еттилик»ка Мустамлий Бухорийдан ташқари қуйидагилар кирган: Абу Зайд Убайдуллоҳ Умар ибн Исо ад-Дабусий (ваф. 1038 й.), Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр аш-Шаъбий (XI аср), Имом Завзан (XII аср), Имом Фахриддин Қозихон (ваф. 1195 й.), Имом Бадиуддин (XIII аср), Зоҳириддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Бухорий (ваф. 1222 й.).
Аммо Мустамлий Бухорий ўзининг тафсир ва тасаввуф илмларида орттирган билимлари ҳамда бу борадаги ўз қарашларини ушбу соҳаларга бағишланган алоҳида асарларида кўрсатиб берган.
Ўзининг буюк истеъдоди ва юксак илмий салоҳияти билан ўз даврининг алломалари сафидан жой олишга муваффақ бўлган, турли соҳалардаги тадқиқотлари ва қимматли асарлари билан она юртимиз Мовароуннаҳрдаги илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган Мустамлий Бухорий 1043 йилнинг 26 июнь душанба куни пешиндан кейин ўзининг туғилиб ўсган шаҳрида оламдан ўтган ва ушбу шаҳардаги Буғробек тепалиги номи билан машҳур бўлган қабристонда дафн этилган. 1930–40-йилларда қабристон ва унга туташ қадимий қалъа девори бузиб ташланиб, унинг ўрнига мактаб ва Кооператив техникуми қурилган эди. 2005 йили ушбу жойда рамзий «Беҳиштиён» мақбараси ва даҳма барпо этилди. Бу жойда дафн этилган буюк шахсларнинг номлари рўйхати улар тўғрисидаги қисқача маълумотлар билан биргаликда мармар лавҳа юзасига ўйиб ёзилиб, ушбу мақбара деворига илиб қўйилди. 

2. Мустамлий Бухорийнинг асарлари

Мустамлий Бухорий ўзидан иккита асар қолдирган бўлиб, улардан бири Қуръоннинг форсча тафсиридир. Бизнинг давримизгача етиб келмаган бу тафсир ўзининг аниқлиги ва мукаммаллиги билан машҳур бўлган. Жумладан XII асрда Хоразмшоҳлар саройида хизмат қилган шоир ва адабиётшунос Рашидиддин Ватвот Қуръон тафсирига бағишланган бир асарни танқид қилар экан, ўз фикрининг тўғрилигига далил сифатида Мустамлий Бухорий томонидан ёзилган форсча тафсирдан мисол келтирган. Рашидиддин Ватвот Мустамлий Бухорий тўғрисида шундай деб ёзган: «Бу имом фазилат ва тўғрилик намунаси, оқиллик ва донишмандлик тимсоли бўлиб, унинг қаламига мансуб тафсир китобининг ўта тўғрилиги ва мукаммаллиги тўғрисида барча бир хил фикрга эга».
Мустамлий Бухорийнинг бизнинг давримизгача етиб келган «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўлини таништириш» асарига шарҳ) асари унинг шоҳ асари бўлиб, бу асар «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин» («Муридлар учун нур ва даъвогарлар учун қўрқув») номи билан ҳам машҳур бўлган. Бундан ташқари, ушбу асар «Нур ул-муридини шарҳи таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўлини таништириш» асари шарҳи орқали муридларга бағишланган нур) ҳамда «Кашф ул-маҳжуб шарҳ ат-тасаввуф» («Тасаввуф шарҳида яширин нарсаларни очиб бериш») номи билан эслатилган. Мустамлий Бухорийнинг бу асари унинг тасаввуф илмидаги устози Абу Бакр Калободийнинг «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўлини таништириш») номли ҳажман кичик бўлган китобига шарҳ сифатида ёзилган бўлса-да, нафақат ўзининг тўрт жилддан иборат бўлган улкан ҳажми билан, балки унда ўртага ташланган ва тадқиқ этилган мавзулар жиҳатидан ҳам шарҳланувчи асардан ажралиб турадиган бутунлай мустақил бир асар сифатида танилди. Тасаввуф назарияси билан биргаликда фиқҳ, калом, фалсафа ва тарих фанларини ҳам чуқур ўрганган Мустамлий Бухорий ўзининг ушбу фундаментал асарида ўз устозининг тасаввуф назарияси соҳасида бошлаган ишини давом эттириб, уни каломий ва фалсафий асосларда ривожлантиришга муваффақ бўлди.

3. «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг муҳим хусусиятлари ва илмий аҳамияти

Мустамлий Бухорийнинг қисқача қилиб «Шарҳ ат-Таъарруф» деб номланадиган «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўлини таништириш» асарига шарҳ) асари қадимийлиги жиҳатидан нафақат тасаввуф тўғрисида ёзилган илк форсча асар, балки бутун дунёда форс тилида ёзилган қўлёзма асарлар ичида иккинчи қўлёзма матн ҳамдир. Ушбу қимматли асар тасаввуфга оид бошқа машҳур асарлар, жумладан Абулҳасан Ҳужвирийнинг (ваф. 1072 й.) «Кашф ул-маҳжуб» ҳамда Абдуллоҳ Ансорийнинг (1006 – 1089) «Табақот ус-суфия» асарларидан ҳам олдинроқ ёзилган ва мазкур асарлар учун асосий манбалардан бири сифатида хизмат қилган. Бу асар кейинги даврларда Имом Ғаззолийнинг «Иҳё улум ад-дин» асари билан бир қаторда суфийларнинг энг мўътабар китобларидан бири сифатида тилга олинади. 
«Шарҳ ат-Таъарруф» биринчи навбатда Абу Бакр Калободийнинг араб тилида ёзилган ва тасаввуф тарихи ва назариясига бағишланган «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўлини таништириш») асарининг форсча изоҳли таржимасидир. Мустамлий Бухорий ўзининг ушбу асарида Калободий асарида келтирилган гапларни форс тилига аниқ ва равон таржима қилиш билан биргаликда, ўзининг Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф, фалсафа, тарих, тил ва адабиёт соҳаларидаги билимларини ишга солган ҳолда, ушбу гапларда баён этилган мавзулар ва масалаларга турли мисоллар келтириб, улар борасида батафсил ва мукаммал изоҳлар берган. Ана шу мисоллар ва изоҳларда Мустамлий Бухорийнинг ўзигагина тегишли бўлган тасаввуфий, каломий ва фалсафий қарашлар яққол акс этган. Шунингдек, Мустамлий Бухорий Калободийга қўшимча равишда кўплаб шахсларнинг тасаввуф борасидаги фикрлари, кўплаб пайғамбарлар қиссалари ҳамда Калободий томонидан эслатилмаган Иброҳим ибн Адҳам, Мансур Ҳаллож, ал-Ҳаким ат-Термизий каби йирик тасаввуф намояндалари тўғрисидаги маълумотларни ҳам келтирган. Бундан ташқари, ўз қарашларини эркинроқ тарзда баён этган Мустамлий Бухорийнинг асарида Калбодийдан фарқли равишда, масалаларни кўпинча калом нуқтаи назаридан туриб муҳокама қилиш, фиқҳ, калом, тасаввуф ва фалсафани бир-бири билан омухталаштиришга интилиш кузатилади. Буларнинг барчаси «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг нафақат ҳажм, балки мазмун жиҳатидан ҳам «Ат-таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асаридан алоҳида мустақил асар эканлигини таъминлаган. 
Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» асари биринчи навбатда тасаввуфнинг келиб чиқиш тарихи ҳамда тасаввуф таълимотининг назарий асослари ва амалий жиҳатларига бағишланган фундаментал асар сифатида аҳамиятлидир. «Шарҳ ат-Таъарруф» нафақат Ўрта Осиё, балки бутун ислом оламида тасаввуф назариясига асос солган асарларнинг энг биринчиларидандир. Шунингдек, ушбу асар форс тилида, қолаверса, Ўрта Осиёда пайғамбарлар ва авлиёлар тўғрисида яратилган илк агиографик асар бўлиб, Мустамлий Бухорий асос солган бу анъана кейинчалик Абдуллоҳ Ансорий, Абулҳасан Ҳужвирий, Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар томонидан давом эттирилди. Бундан ташқари, ушбу асарда берилган тасаввуф тушунчалари ва атамалари изоҳи тасаввуф терминологиясининг шаклланишида беқиёс ўрин тутди. 
«Шарҳ ат-Таъарруф» фақатгина тасаввуфга оид манба эмас. Нафақат ҳажм, балки мавзу жиҳатидан ҳам йирик бўлган бу асарда тасаввуфдан ташқари ислом тарихи, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, калом, фалсафа ва мантиққа оид масалалар ҳам ёритилган. Жумладан, «Шарҳ ат-Таъарруф»да келтирилган ислом тарихига оид маълумотлар уни тарихий манба сифатида таништирса, асар муаллифи томонидан келтирилган Қуръон оятлари тафсири ва таъвили, ҳадислар шарҳи ҳамда унинг фиқҳий масалалар борасидаги хулосалари ушбу асарнинг тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларига оид манба сифатидаги қимматини кўрсатади. Бундан ташқари, асарда ақоид ва каломга оид баҳсларнинг ўртага ташланганлиги, фалсафа ва мантиққа оид тушунча ва категориялардан фойдаланилганлиги ҳамда унда келтирилган Мустамлий Бухорийнинг фалсафий мулоҳазалари ва хулосалари нафақат «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ақоид, калом, фалсафа ва мантиққа оид муҳим манба эканлигидан, балки асар муаллифининг ҳам етук файласуф ва мутафаккир бўлганлигидан далолат беради. 
Бугунги кунда Покистон, Туркия, Эрон, Санкт-Петербургдаги қўлёзмалар фондларида «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг еттита қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Шулардан энг қадимгиси 473/1080 йили кўчирилган ва Покистон миллий музейида сақланаётган нусхадир. Шунингдек, ушбу асарнинг Туркия кутубхоналарида сақланаётган Амосиё (1172 йили кўчирилган), Қилич Али Пошо (1314 йили кўчирилган), Юсуф оға (кўчирилган йили номаълум, вақф муҳри 1220 йил) ва Хирожчи ўғли (кўчирилган йили номаълум) қўлёзма нусхалари ҳамда Эрондаги Мажлис (1269 йил кўчирилган) ва Теҳрон миллий кутубхонаси (1315 йил кўчирилган) қўлёзма нусхалари шулар жумласига киради. 
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг нусхалари Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида ушбу асарнинг ўнта қўлёзмаси мавжуд бўлиб, улар №4980 (1818 йили кўчирилган), №10980 (1824 йили кўчирилган), №11001 (1830 йили кўчирилган), №10395 (1833 йили кўчирилган), №4979 (1836 йили кўчирилган), №9467 (1860 йили кўчирилган), №4914 (кўчирилган йили номаълум), №2703 (кўчирилган йили номаълум), №583 (кўчирилган йили номаълум) ва №11987 (кўчирилган йили номаълум) рақамли қўлёзма нусхалардан иборат.
«Шарҳ ат-Таъарруф» китоби Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонда бир неча маротиба чоп этилган. Ушбу асарнинг Мовароуннаҳр нашри ҳалигача топилмаган бўлса-да, Ҳиндистонда чоп этилган нашрининг кўплаб намуналари мавжуд. Шулардан бири «Шарҳ ат-Таъарруф» китобининг 1912 йили бугунги Покистоннинг Лакҳнав шаҳрида чоп этилган нусхасидир. Шунингдек, мазкур асар шу пайтгача Эронда ҳам икки марта нашрдан чиққан. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг айрим қисмлари 1912 йили Ҳасан Манучеҳр томонидан бир жилдда, ушбу асарнинг илмий-танқидий нашри эса 1984 – 1987 йиллари Муҳаммад Равшан томонидан иловалар билан биргаликда беш жилдда чоп этилган.
2018 йилда ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мустамлий Бухорий ҳаёти ва илмий мероси бўйича докторлик диссертацисини ёқлаган.  
«Шарҳ ат-Таъарруф» Мустамлий Бухорийнинг илмий салоҳияти ҳамда унинг фиқҳий, ақидавий, каломий, фалсафий ва тасаввуфий қарашларини ўзида мужассам этган асар сифатида Ўрта Осиё ва бутун ислом оламида тасаввуфий ва фалсафий фикр тараққиётида катта ўрин тутди.

Комилжон Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 
Абу Райҳон Беруний номидаги 
Шарқшунослик институти 
катта илмий ходими
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram