МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ
1116 марта ўқилди.

 

МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ 

1-қисм

X аср охирлари – XI асрнинг биринчи ярмида Бухорода яшаб, ижод қилган Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий (ваф. 434/1043) қаламига мансуб «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўли билан танишув» асарига шарҳ») асари унинг тасаввуф илмидаги устози Абу Бакр Калободий Бухорийнинг (305/917-385/995) «ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўли билан танишув») номли ҳажман кичик китобига шарҳ сифатида ёзилган бўлиб, ушбу шарҳ ҳар бири шарҳланувчи асардан уч-тўрт баробар каттароқ ҳамжмга эга бўлган тўрт рубъдан  иборат йирик бир асар кўринишини олган. Мазкур асар нафақат ўзининг шарҳланувчи асардан бир неча бор катта бўлган улкан ҳажми, балки унда ўртага ташланган ва тадқиқ этилган мавзулар жиҳатидан ҳам шарҳланувчи китобдан ажралиб турадиган мустақил бир асар сифатида намоён бўлган. 
«Шарҳ ат-Таъарруф» тасаввуф, калом ҳамда бошқа исломий ва ижтимоий фанларга (жумладан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, фалсафа, психология в.б.га) оид муҳим манба ҳисобланса-да, шу кунга қадар, асосан, тасаввуфшунослик нуқтаи назаридан бирмунча кенг ўрганилган . Бироқ ушбу асарнинг калом илмидаги ўрни ва аҳамияти, жумладан, Мустамлий Бухорийнинг каломий қарашлари кенг ва чуқур тадқиқ қилинмаган, унинг қарашларида қайси калом мактабларининг таъсири қанчалик эканлиги аниқланмаган. Жумладан, айримлар «Шарҳ ат-Таъарруф» муаллифининг каломий қарашларида Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944) таъсирини кўрсалар, бошқа баъзилар унинг калом масалаларида Абулҳасан Ашъарий (260/874-324/936) таълимотига эргашганини таъкидлашади.
Кўринишидан кўпчилик тадқиқотчилар Мустамлий Бухорийнинг ақида борасидаги қарашларини баҳолашда кўпроқ унинг устози Абу Бакр Калободийнинг қайси калом мактабига эргашганлигидан келиб чиқишади. Гап шундаки, Калободийнинг ақидавий мазҳаби борасида ҳам турли тахминлар билдирилган. Жумладан, немис шарқшуноси У. Рудольф Калободийнинг каломга оид қарашларида фақатгина мотуридийлик калом мактаби унсурларини кўрса , Книш Калободийнинг «шофеийлик/ашъарийлик ва ҳанафийлик калом мактабларининг ақида масалаларидаги қарашларини бир хилда тўғри деб билганлиги» тўғрисида хулоса чиқаради . Калободийнинг ақида масалаларидаги қарашларини махсус тадқиқ қилган эронлик тадқиқотчи Али Меҳмоннавоз эса уларда ҳанафийлик (Мовароуннаҳр анъанапараст фақиҳлар мактаби, мотуридия калом мактаби ва Бағдод сўфийлик мактаби) ақидалари билан биргаликда ашъарийлик калом мактаби нуқтаи назарларининг ҳам акс этганлигини айтиб, Калободийнинг ушбу ақидавий мактаблар қарашларини тасаввуф фойдасига умумлаштиришга уринганлиги тўғрисида сўз юритади . Бироқ, юқорида эслатиб ўтганимиздек, «Шарҳ ат-Таъарруф» шунчаки «ат-Таъарруф» асарининг оддий шарҳи эмас, балки кўпгина жиҳатларига кўра ундан мустақил бир асар бўлиб, унда Мустамлий Бухорийнинг ақидага оид мустақил қарашлари ҳам жой олган. «Шарҳ ат-Таъарруф»дан жой олган турли ақидавий мазҳаблар ва оқимлар ҳамда мутакаллимлар тўғрисидаги маълумотлар шарҳланувчи асар – «ат-Таъарруф»да учрамайди.
Кейинги йилларда бир қатор эронлик тадқиқотчилар томонидан «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг каломий жиҳатларини ўрганишга бўлган айрим уринишлар кузатилмоқда. Бироқ ушбу тадқиқотларда Мустамлий Бухорийнинг каломий қарашларининг фақатгина алоҳида танлаб олинган айрим жиҳатлари тадқиқот объектига айлантирилганлиги, умуман, «Шарҳ ат-Таъарруф» асарига, хусусан унда ёритилган ақидавий масалаларга қамровли ва тизимли ёндашувнинг мавжуд эмаслиги бу тўғрида муайян камчиликлардан холи бўлмаган, хато ва баъзида бутунлай тескари хулосаларнинг чиқарилишига сабаб бўлган.
Айтиб ўтиш лозимки, эронлик тадқиқотчи Аҳмад Самиъий Гилоний «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг «каломий адабиётдаги юксак ўрни»ни эътироф этган илк тадқиқотчи бўлса-да, у асарнинг каломга оид манба сифатидаги аҳамиятига тўхталиб ўтирмаган . Мустамлий Бухорийнинг каломий қарашларини биринчи бўлиб тадқиқ қилишга уринган Мино Роминсобит эса, биринчидан, ушбу қарашларни «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг каломга бағишланган барча боблари асосида эмас, балки фақатгина ушбу асарнинг турли ўринларида келтирилган ҳикоятлар асосида таҳлил қилганлиги, иккинчидан, масалага қамровли ёндашмаганлиги сабабли турли калом мактаблари ва таълимотларининг Мустамлий Бухорий қарашларига таъсирини унчалик чуқур ўрганиб ўтирмаган. Жумладан, у ушбу қарашларда ҳоким бўлган мотуридия калом таълимоти унсурларини пайқай олмаган ва натижада Мустамлий Бухорий қарашларида фақатгина ашъария калом мактаби таъсирини кўрган .
Мотуридия таълимотининг Мустамлийнинг каломга оид қарашларига кўрсатган таъсирига биринчи бўлиб эътибор қаратган бошқа бир эронлик тадқиқотчи Ҳасан Ансорий ушбу қарашларда ашъария каломи унсурларининг ҳам мавжудлигини инкор этмаган ҳолда, «Шарҳ ат-Таъарруф» муаллифига кўпроқ мотуридия калом мактаби вакили сифатида қарашга майл билдиради. Бироқ мазкур тадқиқотчи ҳам ўзининг илмий ахборот сифатидаги кичик материалида Мустамлий Бухорийнинг каломга оид қарашлари билан мотуридия таълимоти ўртасидаги муштарак жиҳатларга батафсил тўхталиб ўтирмаган . Бунинг устига у ҳам бошқа кўпчилик эронлик тадқиқотчилар каби «Шарҳ ат-Таъарруф»да Абу Мансур Мотуридий номининг бор-йўғи бир марта, Абулҳасан Ашъарий номининг эса икки марта эслатилганлигига урғу бериб ўтади: «Мустамлий ўз асарида фақатгина бир марта, у ҳам каломга оид масалада эмас, балки тафсирга оид бир масалани баён қилишда Хожа Абу Мансур Мотуридий номини эслатган . Ҳолбуки, у мазкур асарда икки марта Абулҳасан Ашъарий номини эҳтиром билан, унинг муҳим каломий масалалар борасидаги қарашларини мисол келтирган ҳолда эслатган ва уни «бизнинг шайхимиз» ва «имом шайх» деб атаган» .
Шу ўринда кўпчилик эронлик тадқиқотчилар томонидан Мустамлий Бухорийнинг ашъария калом мактаби вакили эканлиги тўғрисида хулосага келинишига  асосий сабаблардан бири бўлиши мумкин бўлган ушбу фактни – «Шарҳ ат-Таъарруф» муаллифи томонидан Мотуридийнинг бир марта, Ашъарийнинг эса икки марта эслатиши тафсилотларини (гарчи қуруқ ушбу фактнинг ўзи Мустамлий эргашган калом мактаби тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўлолмаса-да) текшириб кўришга қарор қилдик.
Мустамлий Бухорий «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг «Уларнинг рўъят тўғрисидаги айтганлари»  деб номланган, яъни калом масалаларидан бўлмиш руъят  масаласига бағишланган олтинчи бобида Мотуридий қарашларига қуйидаги тарзда тўхталиб ўтади:
«Хожа Абу Мансур Мотуридий Аллоҳ таолонинг: «Албатта: «Раббимиз – Аллоҳ», – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар»  [деб бошланувчи] ояти [маъноси]ни: «Кечирувчи ва меҳрибон зот ҳузуридан туширилган эҳсон», деб тафсир қилади. [Ушбу тафсирга кўра,] Аллоҳ таоло жаннатни «туширилган эҳсон» деб атади. Эҳсон подшоҳларнинг ҳадяси ҳисобланмайди, балки подшоҳлар йўловчилар подшоҳ билан яна кўришиш мақсадида чарчоқларини чиқаришлари ва сафар машаққатларидан халос бўлишлари учун уларнинг йўлларига эҳсон ташлайдилар. Агар жаннатдан яхшироқ неъмат бўлмаганида эди, [Аллоҳ] жаннатни «туширилган эҳсон» деб атамаган бўларди. Шунингдек, улуғ ва буюк Аллоҳ: «Парвардигорлари уларга пок ичгулик ичирур» , деб айтган. [Яъни бу ўринда Аллоҳ:] «Ичгуликни бошқанинг қўли билан эмас, балки ўзим ичираман. Агар ичгуликни бошқа кишининг қўли билан ичирсам, ўша кишини кўрасан. [Шунга кўра,] мени кўришинг учун [сенг ичгуликни] ўзим ичираман», демоқда» .
Ушбу иқтибосдан кўриниб турибдики, биринчидан, Мустамлий Бухорий бу ўринда Мотуридийнинг номини, Ансорий таъкидлаганидек, калом билан боғлиқ бўлмаган масалада эмас, балки айнан каломга оид бўлган руъят масаласида эслатиб ўтмоқда, иккинчидан, ушбу бобда Мустамлий Бухорий ўзининг руъят масаласида Мотуридий қарашларига эргашганлигини маълум қилмоқда. 
Энди «Шарҳ ат-Таъарруф» асарида ашъария калом мактаби асосчиси Абулҳасан Ашъарий номининг эслатилишига тўхталсак. Мустамлий Бухорий ҳақиқатдан ҳам ўз асарида Ашъарийни икки ўринда эслатиб ўтган. Бироқ ушбу эслатишда «Шарҳ ат-Таъарруф» муаллифининг калом масалаларида ашъария таълимотига эргашиши унчалик ҳам яққол кузатилмайди. Мустамлий Бухорий, жумладан, «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Аллоҳ сифатларига бағишланган «Уларнинг сифатлар тўғрисида айтганлари»  номли тўртинчи бобида Аллоҳнинг азалдан яратувчи бўлганлиги тўғрисида сўз юритиш асносида Абулҳасан Ашъарийнинг бу борадаги қарашларига қуйидагича тўхталиб ўтади:
«Шайх Имом Абулҳасан Ашъарий (р.а.) биз сўз юритаётган ушбу масала тўғрисида яхши бир гап айтган бўлиб, у қуйидагидан иборат: «[Аллоҳни] азалий яратгувчи деб атайлик, аммо азалда яратгувчи бўлган деб атамайлик». [Абулҳасан Ашъарий] бу гапда шундай демоқчи бўлган: «Аллоҳ азалдан яратгувчи сифатига эга бўлган, дейлик, аммо азалда яратган, демайлик. Шунда биз унга янги ном бермаган бўламиз». 
Қизиғи шундаки, Мустамлий Бухорий худди Мотуридий каби Аллоҳнинг азалдан яратгувчи ва ризқ бергувчи бўлганлигига ишонган, ҳолбуки, ашъария калом мактаби вакиллари Аллоҳнинг яратиш ва ризқ беришдан олдин яратгувчи ва ризқ бергувчи бўлмаганлигини уқтиришади. Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, Мустамлий Бухорий бу ўринда айни масала борасида ашъария таълимотига эргашмаяпти, балки Ашъарийнинг ўзи Аллоҳнинг азалдан яратгувчи ва ризқ бергувчи бўлганлигини бутунлай инкор қилишмагани, аниқроғи бу қарашни маълум шартлар билан қабул қилганлигини уқтирмоқда. 

Комилжон Раҳимов
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram