МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ
1130 марта ўқилди.
МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ
2-қисм
«Шарҳ ат-Таъарруф»да Абулҳасан Ашъарийнинг номи иккинчи бор эса умуман каломга эмас, балки тасаввуфга оид масалалар билан боғлиқ равишда эслатилади. Мустамлий Бухорий ўз асарининг сўфийликдаги ғайбат ва шуҳуд масаласига бағишланган қирқ саккизинчи бобида Ашъарийга қуйидагича тўхталиб ўтади:
«Шайх Имом Абулҳасан Ашъарий (р.а.) шундай дейди: «Фақатгина Аллоҳ ўзига қойим бўлади. Чунки фақат ҳеч кимга эҳтиёжи бўлмаган кишигина ўзига қойим бўлади. Бу сифат эса улуғ ва буюк Ҳаққагина хосдир. Ҳақдан паст бўлган кишининг эса ҳаққа эҳтиёжи бўлади» .
«Шарҳ ат-Таъарруф»да мотуридия ва ашаъария калом мактаблари асосчилари номларининг қандай эслатиб ўтилганлиги тўғрисидаги ушбу мулоҳазаларимиздан Мустамлий Бухорийнинг ҳозир эслатиб ўтилган ўринларда калом масалаларида Ашъарийдан кўра Мотуридийга кўпроқ эътибор қаратганлиги маълум бўлади. Бу эса, ўз навбатида, «Шарҳ ат-Таъарруф»да калом мактаблари асосчилари номларининг эслатилишигагина таяниб Мустамлий Бухорийнинг калом илмида кимга эргашганлиги тўғрисида хулоса чиқариб бўлмаслиги, балки бунинг учун мазкур асардан жой олган каломий қарашларни ушбу мутакаллимлар қарашлари билан бевосита солиштириш лозимлигини кўрсатади.
Биз бунинг учун аввало «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг каломга бағишланган қисмига назар ташласак. Юқорида айтиб ўтганимиздек, «Шарҳ ат-Таъарруф» асосан тасаввуф ва каломга бағишланган асар бўлиб, ушбу асар бобларини тематик жиҳатдан шартли равишда тасаввуфга (1–2, 24–68-боблар) ва ақидага (3–23-боблар) оид қисмларга бўлиш мумкин.
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг 21 бобдан иборат бўлган ақидага оид қисмида калом илмининг тавҳид, Аллоҳнинг сифатлари, Аллоҳнинг исмлари, Қуръон, Аллоҳнинг сўзи, рўъят, қадар, ишнинг яратилиши, қудратнинг яратилиши, иститоат, жабр, аслаҳ, ваъид, шафоат, меърож, рўъё, гўдакларнинг гуноҳкор бўлиш-бўлмаслиги, ақлан соғлом кишиларнинг бурчлари, Аллоҳни билиш, руҳ, фаришталар, расуллар, набийлардан янглишишлар ва кабира гуноҳлар содир бўлиш-бўлмаслиги, валийлар ва имон каби мавзулари икки нуқтаи назардан – мутакаллимлар ва сўфийлар нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Яъни бунда, биринчи бўлиб, ақидага оид масалаларнинг суннийлик калом мактаблари нуқтаи назаридан бўлган талқини, иккинчи бўлиб эса Мустамлий наздида суннийлик калом мактаблари қарашлари билан мувофиқ бўлган сўфийлар ақидалари баён этилади.
Айтиш лозимки, «Шарҳ ат-Таъарруф» каломга оид масалаларнинг аҳли суннат вал-жамоат мазҳаби талқинидаги баёнидангина иборат бўлиб қолмай, унда асар муаллифининг мазкур мазҳабга мухолиф бўлган ақидавий мазҳаблар ва оқимларнинг қарашларига қарши аёвсиз кураши ҳам акс этган. Нафақат каломга оид мавзуларнинг умумий ва жузъий томонларини батафсил ёритиш, балки аҳли суннат вал-жамоат, хусусан, ҳанафий мазҳаби ақидаларининг исломдаги бошқа ақидавий оқимлар ва мазҳаблар ақидаларига нисбатан тўғри эканлигини ўзаро таққослаш орқали исботлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Мустамлий Бухорий ўз асарида аҳли суннат вал-жамоат позициясидан туриб рофизийларнинг (шиаларнинг), мотуридийлик ва ашъарийлик калом мактаблари позициясидан туриб мўътазилийлар, қадарийлар, карромийлар, қарматийлар ва бошқаларнинг, шунингдек, сўфийлар позициясидан туриб тасаввуф мухолифларининг қарашларини танқид остига олган, уларнинг нотўғри эканлигини асослашга уринган.
«Шарҳ ат-Таъарруф»да калом масалаларига мотуридия ва ашъария калом мактаблари нуқтаи назаридан ёндашилганлиги, жумладан, юқорида эслатиб ўтилганидек, унда Абу Мансур Мотуридий Абулҳасан Ашъарий номларининг эслатилганлиги Мустамлий ўзининг каломга оид қарашларини баён этишда, шунингдек, суннийликдан бошқа мазҳаблар ва оқимлар қарашларини танқид қилишда мазкур мутакаллимлар асарларига таянганлигини кўрсатади.
Шундай қилиб, аниқлаб олдикки, Мустамлий Бухорий каломга оид масалаларга аҳли суннат вал-жамоат ақидаси нуқтаи назаридан ёндашган бўлиб, бунда суннийликда мавжуд бўлган икки калом мактаби – мотуридия ва ашъария таълимотларига таянган. Бизнинг бу ўриндаги вазифамиз эса Мустамлийнинг мазкур калом мактабларидан ҳар бирига қай даражада эргашганлигини аниқлаштиришдир.
Мотуридия ва ашъария таълимотларидан ҳар бирининг Мустамлий Бухорий ақидаларига таъсири даражасини кўриб чиқишдан олдин ушбу икки калом мактаби таълимоти кўпчилик масалалар бўйича бир хил қарашга эга бўлиб, айрим масалалардагина бир-биридан фарқли ёки қарама-қарши нуқтаи назарларда эканликларини эслатиб ўтишга тўғри келади. Мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларидаги ушбу кам сонли фарқларнинг келиб чиқиш манбаси шундаки, Абу Мансур Мотуридий фиқҳда ҳанафийлик мазҳабига эргашган бўлиб, ўз каломий мулоҳазаларида нақлдан фойдаланиш билан бирга ақлга каттароқ эътибор берарди. Абулҳасан Ашъарий эса шофиийлик мазҳабида бўлиб, ушбу мазҳаб вакиллари каби ақл ва нақлни тенг деб билмас, ақл ва нақл зиддияти бўлган кўпгина ўринларда нақлнинг тарафини оларди . Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича Мотуридий ўз каломий қарашларида ашъарийлик ва муътазилийлик ўртасида, Ашъарий эса аҳли ҳадис ва муътазилийлик ўртасида ҳаракатланади. Мисрлик илоҳиётшунос Муҳаммад Абу Заҳра бу тўғрида шундай деган: «Мотуридий услубида ақл кўпроқ ҳукмрондир, аммо ашъарийлар нақл услубига таяниб, уни ақл билан тасдиқлашади. Ашъарийлик аҳли ҳадис ва муътазилийлик ўртасида, мотуридийлик эса ашъарийлик ва муътазилийлик ўртасида туради» .
Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда, Мустамлий Бухорийнинг каломга оид барча масалаларда эмас, балки фақатгина мотуридия ва ашъария калом мактаблари таълимотларида турлича талқин қилинган асосий масалаларда ушбу мактаблардан қай бирига эргашганлигини аниқлаштиришга уриниб кўрамиз.
«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ақидавий масалаларга бағишланган қисмини ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, Мустамлий Бухорий мотуридия ва ашъария калом мактаблари қарашларида ихтилофли бўлган масалалардан фақатгина тўрттасида ашъарийларга, ўн биттасида эса мотуридийларга эргашган.
Жумладан, Мустамлий Бухорий қуйидаги ўринларда ашъарийларнинг мотуридия ақидасига мувофиқ келмайдиган қарашларини маъқуллаган:
1. Иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш. Мотуридийлар нарсаларнинг яхши ёки ёмон эканлигини моҳиятан ва ақл ёрдамида аниқлаш мумкинлигига ишонишади , ҳолбуки ашъарийлар эътиқодича иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини фақатгина шариат амр ва наҳий орқали белгилаб беради . Мустамлий Бухорий мотуридийлардан фарқли равишда иш-ҳаракатнинг яхши ёки ёмон эканлигини ақл ёрдамида аниқлаш мумкин эмас, балки иш-ҳаракатларнинг яхши ёки ёмон эканлиги Аллоҳнинг ҳукмига тобедир, деган қарашга эга: «Бизнинг йўлимиз шуки, яхши нарса амрга кўра яхши, ёмон нарса эса наҳийга кўра ёмондир. Қай иш-ҳаракатни қилишга буюрган бўлса, ўша иш-ҳаракат амрга кўра яхши, қайси иш-ҳаракатдан қайтарган бўлса, ўша иш-ҳаракат наҳийга кўра ёмондир. Ўз кузатишларимиз билан наҳий қилинган нарсалардан бошқа бирор бир ёмон иш-ҳаракатни ёки амр қилинган нарсалардан бошқа бирор бир яхши иш-ҳаракатни аниқлай олмадик» .
2. Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиш-бўлмаслиги. Мотуридийлар Ҳаким зот бўлмиш Аллоҳ томонидан ёмон ишнинг содир бўлиши мумкин эмас, десалар , ашъарийлар Аллоҳнинг барча ишлари адолат бўлиб, у барча нарсаларнинг ҳақиқий эгаси экан, эга ўз мулкини ўзи истаганича тасарруф қилиши мумкин, деган қарашга эга. Улар шу асосда Аллоҳнинг иши, ҳатто бизнинг назаримизда ёмон бўлиб кўринган ишни қилган тақдирида ҳам, ёмон деб сифатланмайди, чунки яхшилик ва ёмонлик шаръий тушунча бўлиб, у Аллоҳ томонидан белгиланади, дейдилар . Мустамлий Бухорийнинг эътиқодича инсон Аллоҳнинг ишларининг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлаш учун керакли салоҳиятга эга эмас. Ишларнинг яхши ёки ёмон эканлигини аниқлашнинг ягона меъёри Аллоҳнинг амри ва наҳийсидир. Аллоҳга амр ва наҳий қилаган Ундан юқорироқ турадиган бирор нарса бўлмаганлиги сабабли унинг ишлари ёмон деб сифатланмайди. У шундай дейди: «Ундан бирор бир ёмон иш содир бўлмайди. Чунки У ёмонга айлантирган нарсагина ёмон, У яхшига айлантирган нарсагина яхшидир... Биз ўз кузатишларимиз билан ниманики ёмон деб топган бўлсак, наҳийга асосланиб топдик, ниманики яхши деб топган бўлсак, амрга асосланиб топдик» .
3. Тоат қилувчини азоблаш ва осийни мукофотлаш. Мотуридийлар Аллоҳ томонидан тоат қилувчининг азобланиши ва осийнинг мукофотланишини шаръий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам жоиз эмас, деб топганлар . Аммо ашъарийлар Аллоҳ томонидан тоат қилувчининг азобланиши ва осийнинг мукофотланишини ақлий томондан жоиз деб билишади. Чунки, уларнинг эътиқодича, бу иш Аллоҳ томонидан ўз мулкини тасарруф этиш бўлиб, зулм ҳисобланмайди. Мустамлий бандани азоблаш ва мукофотлашни ақлга мувофиқ эмас, балки ваъд ва ваъидга мувофиқ Аллоҳга вожиб деб билар экан, мукофот ва жазони банданинг ишига эмас, балки Аллоҳнинг иродасига боғлиқ деб билади .
4. Бахтиёрлик ва бахтиқаролик. Мотуридийларнинг эътиқодича, бахтиёрлик ва бахтиқаролик ҳозирги замонга (айни вақтга) хос бўлган ҳолатлар бўлиб, азалий ва абадий эмасдир. Шунга кўра, бахтиёр айни вақтдаги мўмин бўлиб, у умрининг охиригача бўлган вақт давомида кофир бўлиб, бахтиқарога айланиши, бахтиқаро эса айни вақтдаги кофир бўлиб, у у умрининг охиригача бўлган вақт давомида мўмин бўлиб, бахтиёрга айланиши мумкин . Ашъарийларнинг эътиқодича эса бахтиёрлик имон билан тугалланган, бахтиқаролик эса куфр билан тугалланган ҳолат бўлиб, Аллоҳнинг азалий илми ўшанга тегишлидир. Шу сабабли Аллоҳ бахтиёр қилиб яратган банда бахтиёр, Аллоҳ бахтиқаро қилиб яратган банда бахтиқародир. Аллоҳнинг илми ҳеч қачон хилоф келмаслиги сабабли бахтиёр доимо бахтиёр ва бахтиқаро доимо бахтиқаро бўлиб қолади, уларнинг яхши ёки ёмон амаллари уларнинг тақдирларига таъсир қилмайди . Мустамлий ҳам ашъарийлар каби бахтиёрлик ва бахтиқаролик олдиндан белгиланган ҳолатлар бўлиб, инсоннинг амаллари уни белгилаш ёки ўзгартиришга ҳеч қандай таъсир кўрсатолмайди, деган қарашга эга .
Айтиб ўтганимиздек, Мустамлийнинг мотуридия калом мактаби қарашларига мувофиқ келадиган қарашлари бирмунча кўпроқдир. Жумладан, у имон, Аллоҳнинг сифатлари, Аллоҳнинг неъмати, жабр ва ихтиёр, банданинг тоқати билан боғлиқ бир қатор масалаларда мотуридия ақидаларига эргашган. Қуйида ушбу масалаларни умумий тарзда кўриб чиқамиз.
Комилжон Раҳимов
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
«орқага