МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ
1094 марта ўқилди.
МУСТАМЛИЙ БУХОРИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ
3-қисм
1. Имон билан боғлиқ масалалар
1.1. Имоннинг таърифи
Турли ақидавий мазҳаблар, оқимлар ва мактабларда имоннинг таърифи тўғрисида турлича қарашларга эга бўлганлар. Имонни улардан бири кўнгил билан тасдиқлашдан, бошқаси тил билан иқрор келтиришдан иборат деб билсалар, баъзилар имон тасдиқ ва иқрорни, бошқа баъзилар эса тасдиқ, иқрор ва амални ўз ичига олади, деганлар .
Мотуридия ва ашъария калом мактабларида амал имоннинг асосий устунларидан бири ҳисобланмайди. Шунга қарамасдан улар имон таърифида турлича қарашларга эгалар. Мотуридия калом мактаби вакилларидан айримлари фақатгина кўнгил тасдиғига эътиқод қилиб, тил иқрорини имон белгиси ва мусулмонлик ҳукмларининг бажарилиш шарти деб билсалар-да , ушбу таълимотда кўнгил тасдиғидан ташқари тил иқрори ҳам имоннинг бошқа бир устуни сифатида зарурийлигини таъкидлаш устунроқ туради . Ашъарийлар наздида эса имон Аллоҳни қалб билан тасдиқлаш бўлиб, тил ва амалдаги тасдиқ имоннинг фарълари – иккинчи даражали тармоқлари ҳисобланади .
Мустамлий Бухорийнинг эътиқодича имон икки қисмдан – кўнгил билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор келтиришдан иборатдир. У бу тўғрида шундай деган: «Имон ҳадис аҳлининг наздида сўз, амал ва тасдиқдан, мутакаллимлар наздида биргина тасдиқдан, карромийлар наздида биргина сўздан, бизнинг наздимизда эса тасдиқ ва иқрордан иборат» . Кўриб турганимиздек, Мустамлий Бухорий имоннинг таърифи масаласида мотуридия ақидасига эргашган.
1.2. Имоннинг кўпайиши ва камайиши
Имон борасида баҳсли масалалардан яна бири имоннинг кўпайиши ва камайиши масаласидир. Мотуридийлар эътиқодига кўра имон кўпайиш ва камайиш қобилиятига эга эмас. Чунки имон пайғамбар олиб келган нарсаларни тасдиқлаш бўлиб, бу тасдиқ бир таркиблидир ва у кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Уларнинг айтишларича, имон амал ҳам унинг шартларидан бўлган тақдирдагина кўпайиши ёки камайиши мумкин бўлади, шунда тоатнинг камайиши ёки кўпайишига мутаносиб равишда имон ҳам камаяди ёки кўпаяди. Ашъарийлар, гарчи мотуридийлар каби амални имон тушунчасидан ташқарида билган бўлсалар-да, имоннинг кўпайиши ёки камайишини мумкин деб биладилар. Уларнинг фикрича, оддий кишиларнинг имони набийларнинг имонидан билан тенг эмас, шунга кўра имон кам ёки кўп бўлиши мумкин .
Мустамлий Бухорий мотуридийларга эргашган ҳолда, имоннинг кўпайиши ёки камайишини инкор этиб шундай дейди: «Бизнинг мазҳабимизда имоннинг кўпайиши ёки камайиши мумкин эмасдир. Чунки имон тасдиқдан иборат бўлиб, тасдиқ тасдиқланувчи кўпайгандагина кўпайиши, тасдиқланувчи камайгандагина камайиши мумкин бўлади. Аммо Аллоҳнинг кўпайиши ёки камайиши мумкин эмас экан, Уни тасдиқлашнинг ҳам кўпайиши ёки камайиши мумкин эмасдир» .
1.3. Имонда истисно
Имонда истисно деганда банданинг ўз имони тўғрисида «мен мўминман, иншааллоҳ», деб айтиши тушунилади. Мотуридийлар имонда истисно қилишни жоиз деб билмаганлар. Уларнинг эътиқодича истисно шубҳа ва иккиланиш белгиси бўлиб, имон бирор бир иккланишсиз ва қатъий бўлмоғи лозим . Аммо ашъарийлар имонда истисно қилишни жоиз деб билганлар. Уларнинг эътиқодича, истисно банданинг ўзида имоннинг борлиги ёки йўқлигига нисбатан бўлган шубҳаси эмас, балки ўзидаги имоннинг ўлимига қадар бўлган даврда сақланиб туриши ёки сақланиб турмаслигига нисбатан бўлган шубҳасидир. Чунки мўмин имони умрининг охиригача сақланиб қоладими ёки йўқми, билмайди .
Мустамлий Бухорий «Шарҳ ат-Таъарруф»да имондаги истисно масаласига тўхталиб, имон ва эътиқоднинг шубҳа объекти бўла олмаслигини аниқ-равшан баён этган. Жумладан у шундай деган: «Банда ўз имонига нисбатан яқийни бўлмагунига қадар мўмин бўлолмайди, борди-ю унинг тасдиғига шубҳа аралашадиган бўлса, кофирга айланади» . Шунинг ўзи Мустамлийнинг имондаги истисно масаласида ҳам мотуридийлар қарашларини маъқуллаганлиги маълум бўлади.
1.4. Имонда тақлид
Имонда тақлид деб кишининг ўзи чақирилган динни қабул қилиши ҳамда ушбу диннинг ҳаққонийлигига бирор бир далили бўлмасдан туриб, чин кўнгилдан унинг ҳаққонийлигига имон келтиришига айтилади. Мутакаллимлар тақлидий имоннинг тўғрилиги ёки нотўғрилиги борасида турли қарашларни билдирганлар. Мотуридийлар тақлидий имонни тўғри деб билиб, имоннинг асоси тасдиқ бўлиб, тақлидий имонда бундай тасдиқ мавжуддир, деганлар. Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодича, барча диний масалаларнинг ақлий далилга эга бўлиши шарт эмас. Жумладан, киши ўз эътиқодини Расулнинг сўзи асосида шакллантирса, содиқ ҳисобланади ва мана шунинг ўзи унинг имонининг тўғрилиги учун етарлидир . Ашъарийлар мотуридийларга қарама-қарши ўлароқ «Имон асосий масалалардан бўлиб, ақидалар ва диний асосларда тақлиднинг ўзи етарли эмас. Эътиқод учун қатъий далил керакдир», дейишган .
Мустамлий Бухорий ўз китобининг бир неча ўрнида, худди мотуридийлар каби, тақлидчининг мўмин эканлигини уқтириб ўтган. Жумладан у шундай деган: «Мусулмонларнинг аҳли суннат вал-жамоат мазҳабидагилар наздида имонга тақлид қилувчилар мўминдирлар, худди далил келтирувчилар мўмин бўлганлари каби» . У бу тўғрида яна шундай деган: «Куфрга тақлид қилган киши кофирга айланиши тўғрисида барча бир хил фикрда экан, имонга тақлид қилган киши ҳам мўминга айланиши аниқ бўлди» . У бошқа бир ўринда шундай дейди: «Имоннинг тўғри бўлиши шарти банданинг имон келтирган нарсасини тўлалигича билишидан иборат эмас. Банданинг ҳақ бўлган барча нарсага юзланиши ва ботил бўлган барча нарсадан юз ўгиришининг ўзи билан имон шаклланади. ... Биз: «Аллоҳ ўзи ирода қилиб буюрганларига ҳамда пайғмбарнинг ўзи ирода қилиб буюрганларига имон келтирдик», десак имонимиз шаклланган бўлади. Шундан кейин буларнинг барчасининг маъносини билишимиз вожиб эмас» .
1.5. Имон ва ислом
Мутакаллимлар имон ва ислом бир нарсами ёки бу иккаласи бир-биридан алоҳида тушунчаларми, деган масалада турлича фикрлар билдирганлар. Мотуридийларнинг эътиқодича, имон ва ислом луғавий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилса-да, моҳияти жиҳатидан бир тушунчадир, яъни, ҳар бир мўмин мусулмон ва ҳар бир мусулмон мўминдир . Ашъарийлар эса имон ва исломни бошқа-бошқа нарсалар деб биладилар. Уларнинг эътиқодича ислом имондан бошқа нарса бўлиб, ҳар бир мўмин мусулмон, аммо ҳар мусулмон ҳам мўмин эмасдир .
Мустамлий Бухорий ўзининг бу тўғридаги қарашини қуйидагича баён қилган: «Биз шариат ҳукми бўйича кимдаки ислом кўрсак, уни мўмин деб атаймиз. Ислом имон бўлиб, ислом зоҳир ва имон ботиндир. Аммо зоҳирдаги ислом ботиндаги имонга далил, далил эса ғойиб нарсага келтирилиши керак, ботин эса биздан ғойиб экан, зоҳир далилига қараб ғойиб тўғрисида ҳукм чиқариб, уни мўмин деб атаймиз. Борди-ю ундан куфр зоҳир бўлса, олдинги зоҳирни бу зоҳир билан унутамиз» . Кўриб ўтганимиздек, Мустамлий Бухорий имон ва ислом масаласида ҳам мотуридийларга эргашган.
2. Аллоҳнинг сифатлари билан боғлиқ масалалар
2.1. Таквин (бўлдириш)
Мотуридийлар ва ашъарийлар ўртасидаги ихтилофли масалалардан бири Аллоҳнинг яратиш, ризқ бериш, жон бағишлаш ва жон олиш каби ишларининг сифатлари ҳамда ушбу сифатларнинг азалдан мавжудлиги ёки кейин пайдо бўллганлиги тўғрисидаги масаладир. Мотуридийлар Аллоҳ сифатларининг зот сифатлари ва иш сифатларига бўлинишига қарши чиқишади ҳамда барча иш сифатларини таквин деб номланувчи бошқа бир сифатга мансуб ҳисоблаб, ушбу сифатни азалий ва абадий деб билишади . Уларнинг ишонишларича, таквиннинг қадимлиги мукавваннинг (бўлдирилганнинг) қадимлигини шарт қилиб қўймайди ва Аллоҳнинг яратишдан олдин ҳам яратгувчи деб аталиши жоиз ҳисобланади . Ашъарийлар эса мотуридийлардан фарқли равишда таквиннинг Аллоҳнинг ҳақиқий сифати эмаслиги, балки нисбий бир ҳолат бўлиб, таъсир ўтказувчининг таъсирланган нарсадаги нисбатидан ақлда ҳосил бўладиган тушунча эканлиги, шунга кўра у зот сифати эмас, балки ишлар сифати бўлиб, кейин пайдо бўлганлиги, Аллоҳнинг яратиш ва ризқ беришдан олдин яратгувчи ва ризқ бергувчи бўлмаганлигини уқтиришади .
Мустамлий Бухорий таквин масаласида мотуридийлар изидан боради. У «Шарҳ ат-Таъарруф» асарида Аллоҳнинг ишлари сифатларини азалий сифатлар жумласидан ҳисоблаб, бу тўғрида шундай деган: «Одамларнинг йўлбошчиси бўлган ва мусулмонлар динда уларга ишонадиган мусулмон фақиҳлари ва дин имомларининг аксарияти улуғ ва буюк Аллоҳни узлуксиз яратгувчи ва узлуксиз ризқ бергувчи деб билишади. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бизнинг қарашимиз ҳам шундайдир» . У шунингдек шундай дейди: «Аллоҳда азалда мавжуд бўлмаган янги сифатнинг кейинчалик Унда пайдо бўлиши мумкин эмасдир. Яъни Аллоҳ махлуқни яратмасидан ва [унга] ризқ бермасидан олдин Уни холиқ ва розиқ деб билмасаг-у, У махлуқни яратганидан ва [унга] ризқ берганидан кейингина Уни холиқ ва розиқ деб атасак, У азалда эга бўлмаган сифатни Унга берган бўламиз. [Аммо биз] буни Аллоҳ таолога раво деб билмаймиз. Чунки кейин яратилган сифат сифатланувчининг кейин яратилганлигига далилдир» .
2.2. Аллоҳга нисбат берилган сифатлар
Мотуридийлар Қуръон ва ҳадисда Аллоҳга нисбат берилган юз, қўл, кўз ва шу каби бошқа сифатлар борасида кўпроқ танзиҳий (поклаб ёд этувчи) қарашга эга бўлиб, уларнинг эътиқодларича ушбу сифатларнинг тўғри маъносида Аллоҳга нисбат берилиши Аллоҳнинг ушбу сифатларга эга бўлган барча мавжудотларга ўхшатилишига, уларнинг Аллоҳга нисбат берилмаслиги эса Аллоҳнинг ушбу сифатларга эга бўлмаган барча мавжудотларга ўхшатилишига олиб келади . Шунга кўра улар бундай сифатларни тавҳид принципи билан мувофиқ бўлган тарзда тафсир қилишга уринганлар ёхуд уларнинг ҳақиқий маъносини маълум қилишни Аллоҳнинг ўзига қўйиб берганлар . Абулҳасан Ашъарийнинг эътиқодича эса Аллоҳга нисбат берилган юз, қўл ва кўз каби сифатларни уларнинг тўғри маъносида тушунмоқ керак. У тажассумдан (Аллоҳга жисм характерини беришдан) қочиш мақсадида ушбу сифатларга нисбатан «билокайф» атамасини қўллаган .
Мустамлий Бухорий Аллоҳга нисбат берилган сифатларни уларнинг тўғри маъносида талқин қилишдан сақланиб, уларни таъвил қилиш тарафдори бўлган. У бу тўғрида шундай деган: «Агар Аллоҳга нисбат берилган сифатлар тўғрисида ўз ақлимизда муносиб таъвил топа олсак, уларни таъвил қилишимиз керак. Акс ҳолда унинг таъвилини Аллоҳнинг ўзига қўйиб бериб, Аллоҳнинг китоби ва ҳадисни эмас, балки ўз ақл ва фаҳмимизни камчиликда айблайлик» . Бу эса Мустамлийнинг ушбу масалада ҳам мотуридийлар қарашларига эргашганлигини кўрсатади.
2.3. Эшитиш ва кўриш
Мотуридия ва ашъария Аллоҳнинг эшитиш ва кўриш сифатлари боғлиқ бўлган нарсалар тўғрисида ҳам турлича қарашларга эгадирлар. Мотуридийлар эътиқоди бўйича эшитиш сифати эшитиладиган нарсалар, кўриш сифати эса кўринадиган нарсаларга боғлиқ бўлиб, ушбу икки сифат бир-биридан фарқ қилади . Уларнинг ишонишларича, эшитишнинг эшитиладиган нарсаларга, кўришнинг эса кўринадиган нарсаларга боғлиқ эканлиги инкор қилиб бўлмайдиган икки тушунча бўлиб, Қуръон ва ҳадисдан олингандир . Ашъарийлар эса бунга қарама-қарши ўлароқ эшитиш ва кўриш эшитиладиган нарса ва кўринадиган нарсалардан ташқари ҳар қандай бошқа нарсага боғлиқ бўлиши мумкин, деганлар . Уларнинг эътиқодича, кўринадиган нарсаларни кўриш орқали англаш Аллоҳга вожиб эмас, балки ўша нарсани эшитиш орқали англаш Унга жоиздир. Аммо Аллоҳнинг одати шундай шаклланганки, унинг англаши кўриш орқали амалга ошади. Эшитиш сифати борасида ҳам қоида шундайдир .
Мустамлий Бухорий ҳам мотуридийлар каби эшитиш ва кўриш сифатлари боғлиқ бўлган нарсаларни бир-биридан алоҳида деб билиб, шундай деган: «Эшитиш кўриш бермайдиган натижани беради. Чунки эшитиш эшитиладиган нарса ва кўриш кўринадиган нарсалар билан ҳосил бўлади» . У бошқа бир ўринда шундай деган: «Ушбу икки сифат бир хил бўла олмайди. Чунки билим ҳосил бўлиши учун қилиш объекти эмас, балки билиш объекти, қилиш ҳосил бўлиши учун эса билиш объекти эмас, балки қилиш объекти керак бўлади. [Худди] шунингдек, эшитиш ҳосил бўлиши учун кўринадиган нарса эмас, балки эшитиладиган нарса кўриш ҳосил бўлиши учун эса эшитиладиган нарса эмас, балки кўринадиган нарса, бўлиши керак» .
Комилжон Раҳимов
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
«орқага