Ота-онани хафа қилиб, ҳижрат қилмаслик
19 июл 2024 й.
67 марта ўқилди.
Ота-онани хафа қилиб, ҳижрат қилмаслик
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг Aл-Aдаб ал-Муфрад асарларидаги кейинги боб “ота-онасига яхшилик қилади модомики маъсиятга буюрмаса” бобида келган иккинчи ҳадис.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ ﷺ فَقَالَ: جنْتُ أُبَايِعُكَ عَلَى الهِجْرَة، وَتَرَكْتُ أَبَوَيَّ يَبْكِيَانِ. قَالَ: ارْجِعْ إِلَيْهِمَا، فَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Хузурингизга ҳижрат учун байъат қилгани келдим. Ота-онам ортимдан йиғлаб қолишди”, деди. “Олдиларига қайтиб борда, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир”, дедилар”.
Ота-оналар фарзандларини ҳамиша олдида бўлиб доим кўриб туришини исташади. Фарзандларини узоқ шаҳарларга боришини исташмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳузурларига келган одам ҳижрат қилмоғини ота-онасига айтгач, ота-оналари йиғлаб қолишди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамни ота-онасини ҳузурига бормоғини ва уларга қўлидан келганча яхшилик қилмоғини буюрдилар. Демак, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилмоқликдан кўра ота-онани хизмати юқори ва ота-онани дуосини олмоқлик баланд даража эканлигини билдирдилар.
Мусулмонлар дастлаб Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Бунга сабаб мусулмонларни кўп азият чекиши эди. Сўнгра эса Мадина шаҳрига ҳижрат қилишди. Бир куни Қурайш мушриклари тўпланиб машварат қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга келишишди. Ҳар битта қабиладан биттадан одам тайинлаб тонг саҳарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хонадонларига кириб у кишини ўлдирмоқлик режасини тузишди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aли розияллоҳу анҳуни чақириб уйга туришни таъкидладилар. Ўзлари эса Aбу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорига йўл олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aбу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорида уч кеча тунадилар. Сўнгра эса Мадинайи Мунавварага ҳижрат қилдилар. Бугунги кунда бошқа ўлкаларга ҳижрат қилмоқликни ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Бугун ҳар биримиз энг катта ҳижрат бўлган гуноҳдан ва маъсиятдан ҳижрат қилмоғимиз даркор.
عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويده، والمهاجر من هجر ما نهى الله عنه. متفق عليه
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон тилидан, қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир Aллоҳ таоло қайтарган нарсадан қайтган кишидир", дедилар.
Ҳақиқий ҳижрат ва ҳақиқий мухожирлик бу маъсиятни тарк этмоқлик. Aллоҳ ҳаммамизни гуноҳ ва маъсиятдан тийилмоғимизни ўзи насиб айласин. Роббим ҳаммиша яхши амалларда бўлиб, ота-онанинг хизматида бўлмоғликни барчамизга насиб қилсинсин.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
«орқага