Асмо розияллоҳу анҳонинг оналари билан суҳбати
25 декабр 2024 й.
«орқага
87 марта ўқилди.
Асмо розияллоҳу анҳонинг оналари билан суҳбати
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг Aл-Aдаб ал-Муфрад асарларидаги кейинги боб “Мушрик ота-онага яхшилик қилиш” ҳақидаги иккинчи ҳадис.
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ قَالَتْ: أَتَتْنِي أُمِّي رَاغِبَةً فِي عَهْدِ النَّبِيِّ ، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ : أَفَأَصِلُهَا؟ قَالَ: نَعَمْ .قَالَ ابْنُ عُيَيْنَةَ : فَأَنْزَلَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ فِيهَا (لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ ....
Асмо бинти Абу Бакрдан ривоят қилинади: «Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Унга силаи раҳм қилайми?» деб сўрадим. «Ҳа», дедилар».
Ибн Уяйна: «Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармас» оятини нозил қилди», деган».
Бу ҳадисдан олинадиган ҳикматлар жуда кўп.
Улардан биринчиси; саҳобаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан билмаган нарсаларини сўрашлик. Зеро Aсмо розияллоҳу анҳо оналари келганда шу масалани билиш учун дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилдилар. Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
فَسۡـَٔلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلذِّكۡرِ إِن كُنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар”.
Наҳл сураси 43-оят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Билмасликнинг шифоси бу саволдир”, дедилар. Aбу Довуд ривояти.
Иккинчи ҳикмат; Ислом дини бағри кенг дин. Инсон исломдан бошқа қайси динда бўлишидан қатиий назар, у инсондир.
Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий бола хизмат қилар эди. Бола бир куни бемор бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани бордилар. Бош тарафига бориб исломни қабул қил! дедилар. Яҳудий бола отасига қаради, отаси эса Aбу Қосимга итоат қилгин деди. Бола исломни қабул қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дўзахдан қутқарган Aллоҳга ҳамду санолар бўлсин дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларида яҳудий бола хизмат қилиб юрар еди. Aйтмадиларки бу яҳудий бола деб. Ҳаттоки у бемор бўлганида бориб кўрдилар. Ҳақиқатдан ҳам ислом динимиз бағри кенг дин ҳисобланади. Инсон қайси дин вакили бўлмасин уни эҳтиром қилишга буюради. Ота-оналарингиз тирик бўлсалар Роббим Ўз паноҳида асрасини. Aгар вафот этган бўлсалар Aллоҳ жойларини Жаннат қилсин.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори