Қариндош ва бошқа дин вакили билан яхши муносабатда бўлиш
26 декабр 2024 й.
83 марта ўқилди.
Қариндош ва бошқа дин вакили билан яхши муносабатда бўлиш
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг Aл-Aдаб ал-Муфрад асарларидаги кейинги ҳадис.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: رَأَى عُمَرُ رضي الله عنه حُلَّةً سِيَرَاءَ تُبَاعُ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهَ ابْتَعْ هَذِهِ، فَالْبِسْهَا يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَإِذَا جَاءَكَ الْوُفُودُ. قَالَ: «إِنَّمَا يَلْبَسُ هَذِهِ مَنْ لَا خَلَاقَ لَهُ». فَأَتِيَ النَّبِيُّ ﷺ مِنْهَا بحلل، فَأَرْسَلَ إِلَى عُمَرَ بِحُلَّةٍ، فَقَالَ: كَيْفَ أَلْبَسُهَا وَقَدْ قُلْتَ فِيهَا مَا ا قُلْتَ؟ قَالَ: «إِنِّي لَمْ أَعْطَكَهَا لِتَلْبَسَهَا، وَلَكِنْ تَبِيعُهَا أَوْ تَكْسُوهَا».
فَأَرْسَلَ بِهَا عُمَرُ إِلَى أَخٍ لَهُ مِنْ أَهْلِ مَكَّةَ قَبْلَ أَنْ يُسْلِمَ
Ибн Умардан ривоят қилинади: «Умар ипак йўлли кийим сотилаётганини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мана буни сотиб олинг. Жума куни ва ҳузурингизга элчи келганда киясиз», деди. «Буни фақат охиратдан насибаси йўқ одам кияди», дедилар у зот. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша кийимдан бир неча сидра келди. Умарга бир донасини юбордилар. Шунда у: «Буни қандай ҳам кияман? Сиз у ҳақда айтадиганингизни айтиб қўйгансиз-ку», деди. «Мен сенга уни кийишинг учун берганим йўқ. Лекин сотсанг ёки бировга кийгизсанг бўлади», дедилар у зот. Умар уни аҳли Маккадан бўлган укасига у мусулмон бўлишидан олдин юборди».
Ислом динимизда эркаклар учун кийимлар ичида тақиқланган кийимлардан бири ипакдан қилинган кийимдир.
عن عمر بن الخطاب - رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم
"لا تلبسوا الحرير، فإنه من لبسه في الدنيا لم يلبسه في الآخرة".
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ Ипак кийим кийманглар. Ким уни бу дунёда кийса, охиратда киймайди”. дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ўнг қўлларида ипак кийим, чап қўлларида тиллани олиб дедиларки:
إِنَّ هَذَيْنِ حَرَامٌ عَلَى ذُكُورِ أُمَّتِي
“ Бу иккаласи менинг умматимнинг эркакларига ҳаром қилинган”, дедилар. Абу Довуд ривояти.
Динимизда мусулмон эркаклар ипак кийим ва тилла тақинчоқларни тақиши ҳаромдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умарга қарата: “ Уни сотсанг ёки кийгизсанг бўлади”, дедилар. Бу эса мусулмон бўлмаган эркак кишига уни кийгизиш ёки сотиш мумкинлигини билдиради. Умар розияллоҳу анҳу Маккадаги ҳали исломни қабул қилмаган укаларига ўша кийимни юбордилар.
Бу эса Умар розияллоҳу анҳунинг укалари билан гарчи у бошқа дин вакили бўлсада у билан муносабатлари яхши эканлигига далолат қилади. Роббим динимизни махкам тутиб ва бошқа дин вакиллари билан ҳамиша яхши муомалада бўлишликни насиб айласин.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
«орқага