Фироқидан ёғоч йиғлади
01 октябр 2024 й.
77 марта ўқилди.

Фироқидан ёғоч йиғлади
Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбар алайҳисаломни умматларга шафиқу-меҳрубон қилиб юборди. Бу ҳақида оламларнинг Парвардигори ўзининг каломида марҳамат қилиб: 
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةࣰ لِّلۡعَٰلَمِينَ
“Биз сизни оламларга раҳмат ўлароқ юбордик”
Дарҳақиқат пайғамбарликларидан олдин ҳам ва пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инсонлар фақатгина яхшилик билан эслаганлар.
Барчаларимизга маълумки Расул алайҳиссалом Мадинайи мунавварага келагнларидан кейин биринчи қилган ишлари барчани бир жойда жамланиб Роббиларига ибодат қилиш ва кишиларга ислом динини танитиш бўлди. Бу иш ўзларининг бошчиликларида Мадинада масжид бунёд қилдилар. Мана шу масжид устунларининг бири олдида туриб доимо жума хутбасини қилардилар. Кунларнинг бирида Тамидуд Доримий розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиз учун минбар ясатсак, унинг устига чиқиб хутба қилсангиз, қандай бўлади, деб сўрайди? У Зот алайҳиссалом рухсат берадилар. Шундан сўнг минбар ясаб, уни  имом меҳробининг ўнг томонига қўйишади. Жума куни одатдагидек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хутба ўқиш учун суяниб, хутба ўқийдиган устун ёнидан ўтиб кетиб, минбарга чиқишга чоғланадилар. Шу пайт ўша устундан йиғи овози эшитилади. У бўталоғидан ажраган туя каби бўзлаб, гоҳо инграб овоз чиқарар эди. Бу товушни шу ерга йиғилган барча саҳобалар эшитишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқсалар устундан чиқаётган овоз кучайиб, ҳатто устун силкиниб, гўё қўйиб берса, ёрилиб кетадиганга ўхшарди. Шу онда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, тезлик билан келиб устунни қучоқлаганлар. Устун у зотнинг қучоғларида ўксиб-ўксиб ёш бола сингари юпанган. Бу ҳолнинг гувоҳи бўлган саҳобаларнинг барчалари ўзларини тутиб тура олишмасди. Йиғи овозидан масжиднинг ичи ларзага келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоага юзланиб: “Ушбу устун олдида ҳар жума Аллоҳ таолонинг зикри айтилар эди. Бу сафар ушбу фазилатдан бебаҳра қолганига йиғламоқда. Аллоҳга қасам, агар бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмаганимда, у қиёмат кунигагача шу тарзда йиғларди”, дейдилар. Устун йиғидан тўхтагач, унга: “Эй Ҳаннона (йиғлагувчи), хоҳласанг, сени кесиб келган чорбоғга элтайлик. Яна қайтадан илдиз чиқариб кўкарасан. Хоҳласанг, жаннатга кўчат қилиб ўтқазаман, жаннат аҳиллари мевангдан ейишади” дейдилар. Шунда устун бундай жавоб қилади: “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга кўчат қилиб ўтқазинг, мевамни Аллоҳнинг дўстлари есин. Ўткинчи дунёдан кўра абадий жаннатни хоҳлайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жаннатга ўтқазишни унга ваъда қиладилар.  Устунга яқин турган саҳобалар унинг гапини очиқ ва тиниқ ҳолда эшитишган. 
Ҳар гал устун мўъжизаси ҳақида гапириладиган бўлса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ йиғидан ўзларини тўхтата олмасдилар ва дердиларки: “Бир жонсиз ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашганига шунча ғам чекди. Биз умматлар у зотнинг дийдорини истаб яхши амал қилиб, йиғлай оляпмизми?”. 
Муҳаммад Иқбол Лоҳурийдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрашганда у киши:
Ман чи гўям ка-з таваллояш ки чист,
Хушк чўбе аз фироқи ў гирист.
Маъноси: Фироқидан қўриган, жонсиз ёғоч йиғлаган Зот ҳақларида нима ҳам дея оламан дея марҳамат қилганлар.
Шундай экан биз у Зотни йўлларини ўрганаяпмизми? У Зотга ҳақиқий умматлик қиляпмизми? Пайғамбаримизга эргашиш йўлларни ўрганиш ва суннатларини иҳё қилиш билан бўлади. 
Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақиқий умматлик шарафини насиб айласин.
Дилшод Алиев,
“Боло Ҳовуз” жоме масжиди имом хатиби 
 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram