РАМАЗОН ИБОДАТ ОЙИ
03 март 2025 й.
140 марта ўқилди.
РАМАЗОН ИБОДАТ ОЙИ
Муборак рамазон ойи Аллоҳ таолонинг инсонларга ўзларини ўнглаб олишлари ва гуноҳлардан фориғ бўлишлари учун берган катта имконияти ҳисобланади. Барча мусулмонлар Рамазон ойини катта қувонч билан кутиб оладилар. Бу ой яқинлашишидан олдин унга ҳозирланадилар. Дарҳақиқат ушбу файзли ой кириб келганида қалблар сурурга тўлади.
Рамазон ойида кундузлари ейиш ва ичишдан сақланиш, кечалари таровеҳ намозларини жамоат билан адо этиш мўъминдан ирода, сабр талаб қилади. Чунки ҳар кун еб ичишга одатланган киши бу ойида нафсининг бу одатларини жиловлайди. Шу билан бирга хуфтон намозидан кейин ухлашган кўникиб қолганлар ҳам кечани уйқунинг ўрнига ибодатга алмаштиришади. Таровеҳда қоим туриш, бу ибодатнинг ҳузурини ҳис этмаган киши учун оғир кўриниши мумкин. Лекин киши бир оз қатнашиб, Аллоҳ нозил қилган мўъжиза Қуръони каримни қиёмда тик туриб эшитганидан кейин, ҳатто намоз тугаб қолганини ҳам сезмай қолади. Парвардигор бундай ибодатларни бандаларини ҳам жисмонан ҳам руҳан чиниқтириш учун уларга раво кўрган. Узот бандаларини ибодатлар билан синаб, нафсларини тоблаб, олий мақомларга кўтариб уларни руҳий покланиш сари етаклайди. Ҳақиқатдан ҳам Рамазон ойининг бошида бир неча кун киши кундузлари очлик ва чанқоқликни, кечалари эса бедорликни ҳис этади. Нафсга бу амаллар оғирдай туюлади. Бир оз вақт машаққат чеккан нафс ибодатга кўникиб, унда бардавом бўлганидан кейин ибодатнинг лаззатини аста секинлик билан ҳис эта бошлайди. Ибодатдан ҳузурланиш ҳолати эса фақат уни чин ихлос билан амалга оширган кишиларга берилади. Чунки хар бир нарса маромига етказилса, у инсонга ҳузур бағишлайди. Мисол моҳир ошпаз таомни маромига етказса, уни тановул қилганлар ундан ҳузурланиб, бир неча кундан кейин яна уша таомни истаб қолишгани каби. Шунинг учун бўлса керак, мусулмонлар Рамазони шарифни интиқиб кутиб, тугаши арафасида эса маҳзун бўлишади.
Рамазонда қилинадиган ибодатларга бардавом бўлиш, ойнинг аввалги кунларидан то охирги кунларига қадар давомий бўлса, бенуқсон, тарк қилинмай адо этилса, қандай ҳам яхши. Чунки, бу ҳолат инсон руҳининг покланишига катта таъсири қилади. Ҳатто бу руҳий покланиш кишида келаси Рамазон ойига қадар ёки ундан ҳам кўпга сақланиб қолиши мумкин . Лекин баъзилар Рамазон ойининг аввалги бир неча кунида ғайрат билан ибодат қилишга киришадию, аста секинлик билан ибодатда ўзида амал қилиш рағбатининг сусайганини сеза бошлайди. Мисол бошида тиришқоқлик билан Қуръон таловатига киришади, биринчи кун ўттиз, қирқ ё эллик варақгача Қуръон ўқиши мумкин. Ёки Рамазоннинг бошида қатъият билан масжидга қатнаб, жамоат билан таровиҳ намозини адо этиб, бир оздан кейин жамоат намозларини тарк этади. Нафсида амал қилишликда оғирликни ҳис этади. Бу ҳолатни биз масжидларда ҳам кузатишимиз мумкин. Масжидлар Рамазоннинг бошида тўлиб жамоат кенгаяди, ойнинг ўртасига келиб камайиб қолади. Ибодат қилишликка киришган кишиларда озгина вақт ўтиши билан ғайратнинг сусайишига гувоҳ бўламиз. Баъзилар бу ҳолатни ўзида сезгандан кейин ундан қутилиш чораларини ахтаришга киришади. Ҳақиқаттан ҳам савобдан умид қилувчи киши учун тезроқ бу ҳолатдан қутилиш ва ўзини тезда ўнглаб олиш жуда ҳам муҳим.
Нафс тарбияси билан шуғулланувчи машойихлар бу ҳолатга тушмаслик ва руҳий тетикликни сақлаб қолишлик учун киши уч нарсага қаттиқ эътибор қаратиш кераклигини тавсия қиладилар. Агар мўъмин бу уч нарсага қатъий турса, унинг Рамазон кунларида ибодатларга бўлган рағбати кундан кунга кучаяди, хоссатан охирги ўн кунлигида янада кўпроқ ошиши мумкин. Бу ибодатдаги серғайратлик ҳолатлари Рамазонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларида кузатилган .
Рамазон ойи ибодатларини иштиёқ ва ихлос билан бажариш, бу ойда Қуръони каримни қунт билан тиловат қилиш ҳамда бошқа суннат, нафл ибодатларни ҳам иштиёқ билан бажаришга чорлавчи амалларнинг биринчиси - самий ва холис дуо билан Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш . Ҳар бир намоздан сўнг ибодат қилиш енгил бўлишини сўраб, дуо қилиш. Зотан ибодат Парвардигорнинг бандаларига берган катта туҳфаси ҳисобланади. Шунинг учун Расуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалнинг қўлларидан тутиб, унга ибодатга ундайдиган қуйдаги ҳадисдаги дуони ўргатдилар.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رضى لله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى لله عليه وسلم أَخَذَ بِيَدِهِ وَقَالَ: يَا مُعَاذُ إِنِّي
وَاللهِ لأُحِبُّكَ أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ لاَ تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاَةٍ تَقُولُ اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика» демоқлигингни тарк қилмасликни тавсия қиламан», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Ҳадисда келган бу дуо ёдланиши енгил бўлишига қарамай улкан маънони ўз ичига олади. Бу дуо Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг севган кишиларига қилган инъомларидан. Чунки ҳадисда Аллоҳнинг элчиси «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман” , деганлар. Муҳаддислар бу Пайғамбарнинг муҳаббатига бириктирилган тартибдаги ҳадислардан деганлар. Ҳадисда қасам сўзи ҳам ишлатилганлиги қасамдан кейин келадиган сўзни кучини янада оширади. Бу дуода Роббига шукр қилувчи банда бўлишни сўрашлик бор. Ҳар ким ҳам бу дуони доимий ва ихлос билан айтишга муваффақ бўла олмайди. Агар бунга эришса, Расулуллоҳнинг муҳаббатлари эришган мўъминлардан бўлади. Чунки саҳобалар, тобеинлар ҳам бу дуони доимий айтиш бахтига муяссар бўлишган. Бу ҳадис авлоддан авлодга бизга қадар муҳаддисларнинг улкан хизматлари туфайли етиб келган. Демак, Рамазон ибодатларини мукаммал адо этиш учун ғайрат сусайганда уни сақлаб қолишнинг аввалги чораси фарз намозларидан кейин доимий , ихлос ва иймон билан Аллоҳда ёрдам сўраб қилинадиган дуо.
Иккинчиси- аъзоларни, хусусан кўз, қўлоқ ва тилни Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз солалоҳу алайҳи васаллам ман этган жойларга қарашдан ҳимоя қилиш. Кўзни хоҳ кўчада бўлсин, ҳоҳ интернет ё телевизор ёнида бўлсин, эркак бўлса бегона аёлларга қарашдан, аёл бўлса бегона эркакларга қарашдан қатъий тийиш керак. Бировга паст назар билан қараш ҳам кўз билан қилинадиган гуноҳлардан саналади. Бир нарсага Аллоҳни унутиб, У яратган бошқа бир нарсани улуғлаш назари билан қарашдан сақланиш ниҳоятда муҳим. Мисол бир чироайли манзарага назар солганда унинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб, қалбида унинг улуғлиги ўрнашиб қолинишидан сақланади. Балки бу ҳолатда мўъмин банда, Аллоҳ энг гўзал, энг улуғ деган фикрда бўлиб, тили ва қалби билан У зотни улуғлайди.
Мўъмин қулоғини тил билан айтиш ман этилган нарсаларни эшитишдан сақлайди. Мисол тил билан ғийбат, чақимчилик, тўҳмат, ёлғон, ҳақорат, фаҳшоний сўзлар айтишликни динимиз ман қилинганми, демак уларни эшитиш ҳам манд этилган. Қулоқни ҳам бу ман этилганларни эшитишдан асраб, кўпроқ Қуръон тиловати, яхши насиҳатлар эшитиш билан қулоғини машғул қилишга уринади. Шу билан бирга бошқа аъзолари билан ҳам гуноҳ қилишдан , мусулмонларга озор беришдаг тийилади. Бу амаллар жуда зўр самара беришига озгина муддатдан кейин инсон гувоҳ бўлади.
Учинчиси - инсон ибодат асносида ҳузурни сақлашга уринади. Яъни, доимий равишда “Аллоҳ таъола ибодатларим кузатмоқда” деган уйда бўлишни унутмай, фикрларини кузатиб боради. Мисол таровиҳ намозини бошлаганда “Аллоҳу акбар” деб такбир айтилгани билан инсоннинг бошига турли хил фикрлар кела бошлайди. Намоз пайтида, кун бўйи қилган, эрта қилиши керак бўлган ишлари, оиласи ҳақидаги хаёллар ибодат қилувчини намоздан ҳузурланишдан тўсиши мумкин. Ҳар хил хаёллар келмаслиги учун фикрини бир жойга жамлашга уриниши керак. Намозга келган киши фарз намозида , таровиҳ намозида ҳам “аттаҳиёт”, “саловот”, “дуо”ларни айтар экан, у айтаётган сўзларига ҳеч қандай алоқаси йўқ кишидай бўлмаслиги, балки араб тилини билмаса ҳам унинг умумий маъносини ҳис этса, ибодатидан кўпроқ манфаат олади.
Рамазонни Қуръон ойи деб билиб, барча мусулмонлар бу ойда Қуръонни ҳеч бўлмаганда бир бор хатм қилишади. Баъзилар имконият ва ғайратларини жамлаб икки, уч марта ёки ундан ҳам кўпроқ маротаба ўқиб чиқишга эришадилар. Қуръон тиловати ҳам улуғ ибодатлардан саналади. Лекин бу гўзал амал асносида агар фикр тил билан бирга юрмаса, киши бу ибодатни ҳам тезроқ тугатишга ҳаракат қилади. Лекин маъносини англайдиган киши маъносини ҳис этиб, тушунмаган киши эса ҳеч бўлмаганда ибодати Аллоҳ таолонинг назоратида эканини эсдан чиқармаса ибодат жараёнида зерикишнинг ўрнини ҳузур эгаллайди. Шундагина тезроқ тугатиш , неча пора ёки варақ бўлганини санаш ҳам кишининг эсидан чиқади. Аллоҳнинг муборак Каломини ўқиб тургани унга лаззат бағишлайди. Ибодатдан ҳузурланиш пайдо бўлиши учун фикр ва ҳаёллари билан давомли кураш ва амалда бардавомлик талаб этилади. Бу бир ёки икки кунда эмас, балки узоқ вақт кунлар, ойлар, йиллар давомида юзага келиши синалган.
Барчамиз учун суюкли бўлган, ушбу Рамазон ойининг фазилатларидан Аллоҳ таоло бизни тўлиқ баҳраманд этсин.
Орифжон Тўқсанов,
Бухоро шаҳар Абу Бакр ас- Сиддиқ жомеъ масжида имом хатиби
«орқага