Имом Бухорийнинг Ал-Адаб ал-Муфрад асар
18 апрел 2024 й.
«орқага
479 марта ўқилди.
Имом Бухорийнинг Ал-Адаб ал-Муфрад асари
Ҳадис илмининг султони Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ўзларининг “Aл-Жоме ас-Саҳиҳ” асарларидан кейин яна бир буюк асарга муаллифлик қилдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган барча одоб-ахлоқ ва тарбияга доир бўлган ҳадис шарифларни жамлаб, гўзал бир асар яратиб, у асарга “Aл-Адаб ал-Муфрад”, яъни “Одоблар дурдонаси”, номини қўйдилар.
Ҳақиқатдан ҳам бу асарни ўқиган ва тинглаган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан худдики ҳаёт кечиргандек ўзини ҳис этиб, Пайғамбаримиз даврларига тушиб қолади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб-ахлоқ ва барча гўзал ўгитларини ҳис этиб яшайди.
Биз биламиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Aл-Жоме ас-Саҳиҳ” асарлари Қуръони каримдан кейин ягона асар ҳисобланади. Имом Бухорий “Aл-адаб ал-Муфрад” асарида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари билан бир қаторда саҳобалар ва тобеинларнинг сўзлари ва уларнинг гўзал тарбияларини келтира олдилар. Ушбу асарда “Aл-жоме ас-Саҳиҳ” каби бобларга қўйиб чиқдилар. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ “Aл-Адаб ал-Муфрад» асарида 644 та боб, ва 1322 та ҳадисни жамладилар. Демак бу 1322 та одоб-ахлоқ, тарбия ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари дегани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқлари беқиёс бўлиб, Aллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай деди:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Aлбатта сен буюк хулқдасан”. Қалам сураси, 4-оят.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни буюк хулқ соҳиби эканликларини таърифлади.
قال النبيُّ صلى الله عليه وسلم إنما بُعثتُ لأتمم مكارم الأخلاق
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен гўзал хулқларни мукамаллаштирмоқ учун келдим”, дедилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томониндан хулқларни такомиллаштириш, муккамалаш-тириш мақсадида юборилганликларини билдирдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келадики: Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари қандай эди деб сўрашганида. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”, деганлар.
Ҳақиқатан ҳам ана шундай хулқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни “Одоблар дурдонаси” асарларини ўқимоқ, тингламоқ, тушунмоқ ҳар биримиз учун шараф ва фазилатдир.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 1322 та ҳадисларини ўқисак ҳамда, у хонадонимизда ўқилса, ўйлаймизки ҳар бир инсоннинг хулқи мукаммал бўлади. Бугунги кунда ёшларимиз яхши таълим ва гўзал тарбия билан камолга етишлари ҳар бир ота онанинг орзусидир. Aлбатта олим бўлиш мумкин, лекин тарбия унданда аъло даража ҳисобланади. Инсон бир касбнинг эгаси бўлиши мумкин лекин тарбия унданда юқоридир. Инсон хоҳлаган бир йўналишда фаолият юритиши мумкин, лекин ҳар бир ишимизда энг аввало тарбия, одоб ва ахлоқ биринчи даражада бўлмоғи лозим бўлади.
Бизнинг юриш туришимиз, гапиришимиз ҳар бир ҳолатимизда агар эътибор берсак, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари ётади. Бу хулқ бизнинг ота-боболаримиздан ва улуғларимиздан бизгача етиб келган. Ўлаймизки бу ҳавола қиладиган Имом Бухорийнинг асарлари Яратган Роббимнинг инояти билан хонадонимизга нур, файз ва барака келтирсин. Яратган Роббим бизнинг фарзандларимиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари билан хулқланиб, вояга етмоқлигини Ўзи насиб айласин.
Жобир домла Элов
ЎМИ Бухоро вилоят вакили,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби