ОТА-ОНА ҲАҚИНИ АДО ҚИЛИШ
02 октябр 2023 й.
45 марта ўқилди.
ОТА-ОНА ҲАҚИНИ АДО ҚИЛИШ
Ҳадис илмининг султони имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг Aл-Aдаб ал-Муфрад асарларидаги кейинг боб «Ота-она ҳаққини адо қилиш» тўғрисида.
Aбу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ، إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا، فَيَشْتَرِيَهُ فَيُعْتِقَهُ.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат уни қул холида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно», дедилар.
Ҳақиқатдан ҳам фарзанд қанча умр кўрсада, қанча яхшилик қилса ва қанча ота-онасининг хизматида бўлсада ота-онасининг ҳаққини адо эта олмас. Чунки ота-онанинг ҳаққи жуда баланд ва улуғ туради. Баъзан фарзандларни ота-онасига кўп хизмат қилаётганларини, баъзан кечалари ҳам кундузлари ҳам ота-она хизматида бўлаётганларни, баъзан Макка, Мадина шаҳрида отаси ё онасини кўтариб юриб гўзал ибодатларда бош бўлаётганларни кўрамиз ва баъзан ҳаттоки тавофларда отаси ё онасини кўтариб тавоф қилаётган фарзандларнинг шоҳиди бўламиз. Бу жуда катта бахт, жуда катта неъмат ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Муфтафо саллалоҳи алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида жаннатда эканлар. Жаннатда Қуръон қироат қилаётган овозни эшитдилар. Дедиларки: ”Бу ким?”
Шунда фаришталар:”Бу Ҳориса ибн Нўъмон “дедилар.
Пайғамбаримиз саллалоҳи алайҳи васаллам:
“У қилган яхшиликлари учун, одамлар орасида онасига кўп яхшилик қиладиган инсон эди” дедилар.
Ҳориса ибн Нўмонни ҳаммадан кўра онасига меҳрибон эканлигини, хизматида бўлганлигини эътироф этдилар. Aйтадиларки Ҳориса ибн Нўмон разияллоҳу анҳу оналарининг овқатларини ҳар куни ўзлари қўллари билан берар эканлар ва ҳар кун оналарининг оёқларини ўзлари ювар ва яна кўп хизматларини қилардилар.
Ота-онанинг хизмати шунчалик шарафли эканки, биз умр давомида хизматида бўлсак ҳам уларнинг ҳаққини адо эта олмас эканмиз. Фақат битта йўли бор, у ҳам бўлса ота-онамизни қул ҳолатда топиб, уларни сотиб олиб, озод қилишимиз керак бўлади. Бугунки кунда ҳар бир фарзанд ўғилми қизми, ота-онасига хизмат қилаётган бўлса Aллоҳ бу дунё ва охиратини саодатини берсин, яратган Роббим ҳар бир фарзанд ота-онасига гўзал хизмат қилмоқлигини , ўша хизматлари натижасида Жаннат эгалари бўлмоқлигини насиб этсин.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
«орқагаМир Араб олий мадрасаси ректори