ОТА-ОНАНИНГ ХОҲИШИНИ БАЖАРИШ
01 сентябр 2023 й.
116 марта ўқилди.
ОТА-ОНАНИНГ ХОҲИШИНИ БАЖАРИШ
Ҳадис илмининг султони Aл-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг Aл-Aдаб ал-Муфрад асарларидаги “Ота-онага юмшоқ гапириш” бобида келтирилган иккинчи ҳадис. Ҳишон ибн Урва оталаридан ривоят қиладилар:
عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ: {وَٱخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحْمَةِ} اَلْإِسْرَاءَ، قَالَ: لَا تَمْتَنِعْ مِنْ شَيْءٍ أَحَبَّاهُ
“Икковларига мехрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», дегани «ота-онанг яхши кўрган ҳар қандай нарсадан бош тортма» деганидир. Исро сураси, 24-оят.
Ота-она яхши кўрган нарса хоҳ, у кийимми хоҳ, у егуликми ёки у мевами ё бирор жойга бормоқчими, фарзанд ҳар бир нарсани тайёрлаб бермоғи, бажармоғи ва муҳайё қилмоғи лозим бўлади. Ота-она фарзанди ёшлигида фарзанди нимани айтса, нимани хоҳласа, нимани яхши кўрса уни бажарган. Фарзанд ҳам ота-онаси кексайганда, қариб қолганда ота-онаси айтган нарсаларни, хоҳлаган ишини бажармоғи лозим бўлади. Бир эсланг икки ёшли, беш ёшли ёки ўн ёшли пайтингизда ота-онангизга нимани десангиз улар муҳайё қилган.
Демак фарзанд ҳам албатта бу яхшиликни қайтармоғи лозим бўлади. Фарзандлар жуда зийрак бўлмоғи даркор. Балки ота-онасига “Сиз бу нарсани яхши кўрасиз, олиб келайми демасдан ўзи олиб келмоғи лозим бўлади.
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: Усмон ибн Aффон разияллоҳу анҳу даврларида битта хурмо дарахти минг тангага баҳоланган экан. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳунинг оналари бир кун хурмо дарахтининг мағзини емоқликни истаган эканлар. Шунда Усома ибн Зайд хурмо дарахтини кесиб юқори қисмида жойлашган мағзини (яъни араблар уни жуммор дейди) олиб оналарига берган эканлар ва оналари эса уни истеъмол қилган эканлар. Шунда Усома ибн Зайдга айтган эканларки бугун дарахтлар шунчалик қиммат бўлган бўлса, сиз битта дарахтни кесасиз деганда, атган эканларки: “Онам шуни хоҳладилар, мен кучим етадиган нима нарсани хоҳласалар ўша нарсани мен берар эдим”.
Ҳақиқатдан ҳам азиз дўстлар ота-онамиз ҳаёт пайтларида биз улар хоҳлаган, улар яхши кўрган нарсаларни бажармоғимиз катта фазилатдир.Aкс ҳолда улар вафот қилгандан кейин “Бу ишни қилар эдим яхши бўлар эди, бундай қилар эдим яхши бўлар эди, бу нарсани яхши кўрар эдилар олиб келганимда яхши бўлар эди”, деб айтган гапингиз беҳуда бўлиб қолади. Шу учун уларни тириклигида ғанимат билиш биз фарзандларнинг бурчимиздир.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
«орқага














