Бухоролик зиёратчилар муборак сафарга кузатилдилар
06 июн 2024 й.
417 марта ўқилди.
Бухоролик зиёратчилар муборак сафарга кузатилдилар
Аллоҳ таоло буюрган амалларнинг ҳар бирининг ўзига хос фазилат ва ҳикматлари мавжуд. Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатининг ҳам фазилатлари бор.
Дарҳақиқат, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Замзам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо, Марва каби осори атиқалар мавжуд бўлиб, улар узоқ ўтмишнинг аломатларидан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек, фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг савоби фақат жаннатдир”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар қалбида Байтуллоҳни тавоф қилиш муҳаббати доимо жўшиб туради.
Бухоро халқаро аэропортидан “Ҳаж – 2024” дастури доирасида “Бухоро – Мадина” йўналишида илк парвозлар “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг ҳаво кемалари орқали амалга оширилиб, уларда Бухоролик зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Зиёратчиларни кузатиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят ҳоким ўрин босари Эркин Мажидов, ЎМИ Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имоми Жобир домла Эловлар иштирок этдилар. Улуғ сафар сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон ибодатларни бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
«орқага