Болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва улар билан боғлиқ масалалар «Жомеъ аҳком ас-сиғор»да...
08 феврал 2022 й.
3904 марта ўқилди.

 
Болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва улар билан боғлиқ масалалар «Жомеъ аҳком ас-сиғор»да...
 
Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Пайғамбарларнинг илоҳий кўрсатмалар билан юборилишидан мақсад инсонларни ҳидоят йўлига бошлаб, жамиятда адолатни барпо этишдир. Инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Қуръони каримда мусулмон эркак ва муслима аёл турмуш қуришига эътибор берилади. Зеро, никоҳ асосида оила барпо бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оилада боланинг тарбияси туғилишдан олдин ва ўз турмуш ўртоғини танлаш ва уйланиш  пайтидан бошланишини таъкидлаганлар. Эр-хотин  оиланинг асосий устуни ҳисобланади. Шунинг учун агар ота-она фикрий ва руҳий нуқтаи назардан соғлом, тақводор ва тарбия кўрган инсонлар бўлсалар, бола  учун тарбиянинг муҳим қисмига кафолат берилган. Ислом динида болаларнинг таълим ва тарбиясига туғилишдан олдинги шароит ва ҳатто боланинг она қорнида вужудга келган пайтида махсус эътибор қаратилади.

Динимизда кичик болалар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. «Бола ҳуқуқи» тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. Ислом таълимотида солиҳ фарзанд туғилиб, вояга етиши учун эр-хотинга тўйдан аввал тайёргарлик кўрилиб, бу борада махсус дастуриламаллар кўрсатилган. Динимизда фарзандлар ҳуқуқига қатъий риоя қилиниб, бу уларнинг ота-онаси ёки яқин қариндошлари ва жамият зиммасига юклатилган. 
 
Шу ўринда, болаларга бир қанча ҳуқуқни берувчи жуда кўплаб Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар борки, уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтсак:
  
Тенглик ҳуқуқи. Шўро сураси 49-оятда ўғил болалар қизлардан устун эмаслиги ҳақида  марҳамат қилинади: «Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсасини яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур». Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
  
Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан: “(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир» (Исро сураси 31-оят);
 
Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Динимизда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.
  
Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида эканлиги Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят). 
 
Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.
 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
  
Ҳинд бинти Утба: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга етадиган нарса бермайди. Фақат унга билдирмай олсам бўладими», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Икки Шайх ривоят қилишган).
 
Таълим-тарбия олиш ҳуқуқи. Ислом фарзандларга чиройли тарбия бериш, уларга дин арконларини ўргатиш лозимлигини уқтиради. Ҳар бир ота-онага солиҳ фарзанд тарбия қилгани учун юксак мартабаю ажр-савоблар ваъда қилинган. Хусусан, ҳадиси шарифда: «Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир, дейилади.  (Бухорий ривояти).
  
Ибн Умар (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни «аброр» деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор», дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
  
Муслим Атаев томонидан таржима қилиниб нашрга тайёрланган «Исломда болалар ҳуқуқи» номли мазкур китобда жиззахлик аллома Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асаридан бугунги ҳаётимизга янги мазмун ва чирой олиб кирадиган, асосий асардан саралаб олинган, айни биз яшаётган давр болалари ҳаётида учрайдиган ва кўпчилик ота-оналарни қизиқтирадиган кўпгина фатволар ўзбек тилига ўгирилган. Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу асар юртдошларимиз учун бир туҳфа бўлиб, фиқҳ ва фатво соҳалари бўйича кўпчиликка қизиқарли манба экани шубҳасиздир. Шунингдек, асарда фақиҳ ватандошимизнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳам маълумот берилган.  
  
Китобда асардаги ҳанафий мазҳаби бўйича болалар ҳуқуқига тааллуқли фиқҳга оид 1289 та фатводан танлаб олинган 377 таси ўзбек тилида китобхон ҳукмига ҳавола этилган. Маълумотларга кўра, Уструшанийнинг «Жомеъ аҳком ас-сиғор» асари болалар ҳуқуқига бағишланган дунё тарихидаги биринчи ёзма ҳуқуқий манба ҳисобланади. Унда фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолдаги болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилиб, тизимлаштирилган ва муайян тартибда тадқиқ этилган. Ўз асарини ёзишда муаллиф ўзидан олдин яшаган 120 дан ортиқ ҳанафий фақиҳлар фикрларини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган. Ислом ҳуқуқшунослигига оид ушбу нодир асарда болалар ҳуқуқи бўйича келиб чиқадиган муаммолар адолатли ҳал қилиниб, болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар кўриб чиқилган. 
 
Шу нуқтаи назардан қаралганда, бизнинг мамлакатимизда болалар ҳуқуқига бағишланган асарлар қадим-қадимдан мавжуд бўлганини, болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда ҳам катта эътибор берилганлигини Маждуддин ал-Уструшанийнинг 1228 йилда ёзган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари тасдиқлаб турибди. «Ушбу асар болалар ҳуқуқи муҳофазаси ҳақидаги алоҳида ёзилган илк ҳуқуқий манба бўлиб, ундан кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига дахлдор алоҳида асар яратилмаган», деб таъкидлайди Муслим Атаев. 
 
Ислом дини болалар ҳуқуқларини улар туғилмасиданоқ муҳофаза қилади. Бунга ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан кўзланган мақсад, ҳомиладор аёл қорнидаги боланинг насабини аниқ билишдир. Эри вафот қилган аёлнинг иддаси тўрт ой-ю ўн кун бўлса, талоқ қилинган аёлнинг иддаси эса уч ойдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши унинг энг биринчи ҳақидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Бу ислом шариатида туғилмаган бола ҳам ижтимоий таъминланганига яна бир яққол мисолдир. 
   
«Жомеъ аҳком ас-сиғор»даги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. 
 
Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далил ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келяпти. Шунинг учун ҳам у бугунги исломшунослар ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланади. Ғарб олимлари мазкур асарни «Мовароуннаҳрда яратилган болалар конвенцияси», «Болалар ҳуқуқлари бўйича Бил» деб атаганларининг ўзиёқ бизга ғурур ва фахр бағишлайди.
 
Болалар ҳуқуқларига бағишланган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари жаҳон тамаддуни тарихида биринчи ва ягона изоҳли ҳуқуқий қўлланма сифатида мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган ва бугунгача истеъмолда. Зеро, мусулмон оламида Имом Уструшанийдан олдин ҳам, кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар ёзилмади. 

Хулоса қилиб айтганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, унинг ширин меваси бўлмиш фарзандлар тарбияси, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, Ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.
 
 
Азизхўжа домла Иноятов,

 Бухородаги «Жўйбори Калон» мадрасаси директори
Бухоро туман "Чаҳор Бакр" жомеъ масжид имоми 

 
 
 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram