Интернет маконида хавфсизлик: таҳдид ва ечимлар
20 июн 2026 й.
195 марта ўқилди.
Интернет маконида хавфсизлик: таҳдид ва ечимлар
Жорий йилнинг 19 июнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги тасарруфида фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатиблари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармасининг Киберхавфсизлик бўлими масъуллари иштирокида маърифий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Киберхавфсизлик бўлими бошлиғи У. Ҳасанов сўзга чиқиб, бугунги кунда интернет тармоғида учраётган турли кибержиноятлар, фирибгарлик ҳолатлари, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш ҳамда ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш масалалари хусусида атрофлича маълумот берди.
Таъкидланганидек, рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бораётган бугунги кунда аҳоли, айниқса ёшларни кибертаҳдидлардан муҳофаза қилиш, уларнинг ахборот хавфсизлиги маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис диний соҳа вакилларининг ҳам бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.
Тадбир давомида имом-хатибларга интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарлик усуллари, фейк хабарлар ва деструктив ғояларни тарқатиш механизмлари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, фуқароларни бундай таҳдидлардан огоҳ этиш, профилактик тарғибот ишларини кучайтириш бўйича тавсиялар билдирилди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар ҳамда келгусида ҳамкорликда амалий ва профилактик тадбирларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага














