ҚИБЛАНИ АНИҚЛАШДА QIBLAFINDER.ORG КОМПЮТЕР ДАСТУРИГА АСОСЛАНСА БЎЛАДИМИ?
20 август 2020 й.
1062 марта ўқилди.

 
ҚИБЛАНИ АНИҚЛАШДА QIBLAFINDER.ORG КОМПЮТЕР ДАСТУРИГА АСОСЛАНСА БЎЛАДИМИ? 

489-CАВОЛ: Мен архитектор дизайнер бўлиб ишлайман. Яқинда бир масжидни қайта қуриш ишларига лойиҳа таклифини чизаётганимда бир муаммога дуч келдим. Ҳозирда лойиҳаси буюртма қилинган масжид қибласи бироз бошқа томонга қараган экан. Яқинда, 2-3 йил илгари қурилган шу тумандаги масжид қибласи эса бироз бошқа томонга қараган. Шу иш сабаб бўлиб QiblaFinder.org компютер дастури орқали кузатишлар олиб бордим. Натижада ушбу дастур янги қурилган масжиднинг қибласини тўғри эканини кўрсатмоқда. Саволим шуки, қиблани аниқлашда QiblaFinder.org компютер дастурига асослансам бўладими? Шу масалада менга ечим ва тўғри йўлни танлашда ёрдам берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қиблани аниқлашнинг бир неча хил усуллари бўлиб, замонавий дастурлардан фойдаланиш ҳам шулардан биридир. Бу мавзуда тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги ҳаволага қаранг (https://t.me/diniysavollar/324). 

Албатта намознинг шартларидан бири қиблага юзланишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Ва қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга буринг...” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси 150 оят).

Шунинг учун ҳам имкони бўла туриб қиблага юзланмаган кишининг намози дуруст бўлмайди.  Қадимги даврларда ҳам қиблани аниқлашни ўзига хос усуллари фиқҳ китобларимизда баён қилинган. Ҳозирги кунга келиб қиблани аниқлашда турли воситалар,иловалар,  замонавий асбоблар пайдо бўлди. Аммо, шуни яхши билиш керакки, бу хилдаги замонавий воситалар Каъбанинг айни ўзини эмас балки, Макка шаҳрининг йўналишини кўрсатади. Шу сабаб, қиблани ушбу замонавий воситалар орқали  аниқланганда баъзан биз қибла деб юзланган тарафдан ўнг ёки чап томонга мойилроқ қилиб кўрсатади. Бу ҳолатда Қибла ҳақида фиқҳий масъалалардан воқиф бўлмаган кишилар “Биз юзланган тараф қибла эмас экан, қибла бу томонда экан” деб, турли тушунмовчиликларни келиб чиқишига ҳам сабабчи бўладилар. 

Ҳанафий уламолардан Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ “Раддул Муҳтор” китобида қибладан ўнг ёки чап тарафга қирқ беш даражагача бурилиб кетмаса, намоз дуруст бўлишини айтганлар. Қирқ беш даражадан ўтиб кетса, намози дуруст бўлмайди. Шу сабабли мана шу жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ҳозирги кунда қиблани аниқловчи мосламалардан  фойдаланиш жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram