Шаҳрисабзда “Ҳалол кураш – 2026” республика мусобақаси бўлиб ўтмоқда
21 апрел 2026 й.
221 марта ўқилди.
Шаҳрисабзда “Ҳалол кураш – 2026” республика мусобақаси бўлиб ўтмоқда
ШАҲРИСАБЗ, Қашқадарё вилояти — 21–22 апрель кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мираки шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан “Ҳалол кураш – 2026” республика мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Тарихий санага бағишланган мусобақа
Мазкур мусобақа буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан, соҳибқирон бобомиз туғилиб ўсган қадимий ва навқирон Шаҳрисабз заминида ташкил этилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Республика миқёсидаги кенг қамровли мусобақа
Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари томонидан ўтказилган туман-шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги саралаш босқичларида ғолиб бўлган 60 га яқин диний соҳа ходимлари ўзаро беллашмоқда.
Мусобақа иштирокчилари турли вазн тоифаларида курашиб, республика босқичида ғолиблик учун куч синашмоқда.
Ташкилий йиғилиш ва тайёргарлик жараёнлари
Мусобақа олдидан 20 апрель куни иштирокчилар ва меҳмонлар Шаҳрисабздаги “Miraki Resort” меҳмонхонасига етиб келди. Шу куни ташкил этилган йиғилиш Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Кураш федерациясининг вилоят бўлими масъуллари, шунингдек, бош имом-хатиблар ва иштирокчилар қатнашди.
Йиғилишда ислом динида спортнинг ўрни, мусобақани ташкил этиш тартиблари, қоидалар ва иштирокчиларга қўйиладиган талаблар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, саралаш босқичларига оид видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбир якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мусобақанинг юқори савияда ўтишини сўраб дуолар қилинди.
Бухоро вилояти вакиллари иштироки
Мусобақада Бухоро вилоятидан бир қатор имом-хатиблар ҳам турли вазн тоифаларида иштирок этиб, республика босқичида ғолиблик учун беллашмоқда.
🔹 80 кг гача вазн тоифаси:
– Дилшод домла Ҳодиев (“Абу Бакр Сиддиқ” масжиди)
– Сухроб домла Саидов (“Болои Ҳовуз” масжиди)
🔹 90 кг гача вазн тоифаси:
– Олим домла Орипов (“Аҳад Ҳожи Қилич” масжиди)
– Нуруллоҳ домла Болтаев (“Саид Амир Кулол” масжиди)
Иштирокчилар юқори натижаларни қўлга киритиш учун беллашмоқда.
________________________________________
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
«орқага


















