9 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва меҳрга ташна инсонлар билан учрашувлар ўтказмоқдалар.
Ушбу сафар давомида муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар билан ҳам дилдан суҳбат қилинмоқда. Ўзаро мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.
Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.
Бугунги ташриф давомида уламолар Булоқбоши тумани “Найман” жоме масжидида аср намозини ўқиб, намозхонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Унда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ушбу вилоятдаги мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқаролардан бўлган инсонларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, диний-маърифий китоблар жамланмаси ва пул маблағлари улашдилар.
Муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларидандан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва мурувватдан мамнун бўлиб, миннатдорлик изҳор қилдилар.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доимо тарғиб этилади. Уламолар мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этмоқдалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Уламоларнинг Андижон вилояти сафари давом этмоқда.