ХУШХАБАР: “ХЎЖА ШАРОФИДДИН” ЖОМЕ МАСЖИДИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
09 декабр 2025 й.
675 марта ўқилди.
🕌 ХУШХАБАР: “ХЎЖА ШАРОФИДДИН” ЖОМЕ МАСЖИДИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
🗓 Жорий йилнинг 8 декабрь куни Бухоро вилояти, Шофиркон тумани “Ғуломте” маҳалласида жойлашган “Хўжа Шарофиддин” жоме масжидининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
✅ Ушбу қутлуғ тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов, Шофиркон туман ҳокими Алишер Файзиллоев, туман бош имом-хатиби Миржон домла Эгамбердиев, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
🔹 Замонавий меъморий талаблар асосида барпо этилган янги масжид 2000 нафар намозхонни сиғдира олади. Масжид биносида намозхонлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, кенг хонақоҳ, таҳоратхоналар ҳамда ёрдамчи хоналар мавжуд. Ушбу маскан нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун ҳам муносиб ибодат ўчоғига айланди.
🎙 Тадбир давомида сўзга чиққан Жобир домла Элов масжид қуришнинг улуғ савоби, унинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшган барча саховатпеша ва ҳимматли инсонларга самимий миннатдорчилик билдирилди 🤲.
🌱 Тадбир доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида масжид ҳудудида манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
✨ Мазкур янги масжид халқимиз учун маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб, қиёматга қадар илм-маърифат улашиб, иймон-эътиқодни мустаҳкамловчи муборак ибодат маскани бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилинди 🤲.
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага


















