Отинойилар учун онлайн семинар: Ҳаж ибодати ва эҳром одоблари
05 май 2026 й.
141 марта ўқилди.
Отинойилар учун онлайн семинар: Ҳаж ибодати ва эҳром одоблари
Жорий йилнинг 4 май куни Мир Араб олий мадрасасида отинойилар учун “Ҳаж қандай амал? Ҳаж зиёратида эҳромнинг арконлари ва одоблари” мавзусида ZOOM платформаси орқали онлайн йиғилиш ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — отинойиларнинг ҳаж ибодатига оид билимларини янада бойитиш, шунингдек, улар орқали аҳоли ўртасида тўғри ва ишончли диний маълумотларни кенг тарғиб этишдан иборат бўлди.
Йиғилишда устоз Одинахон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қизлари ҳаж ибодатининг исломдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унинг ҳар бир мусулмон учун имконият топилганда адо этилиши лозим бўлган улуғ фариза эканини таъкидладилар. Шунингдек, ҳаж инсонни маънан поклайдиган, сабр-тоқат, биродарлик, ихлос ва тақво каби юксак фазилатларни мустаҳкамлайдиган ибодат экани атрофлича тушунтирилди.
Маъруза давомида ҳажнинг асосий арконлари — эҳром, Арафотда туриш, тавоф ва саъй амаллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ҳар бир рукннинг мазмун-моҳияти, уни адо этиш тартиби, шартлари ҳамда нозик жиҳатлари мисоллар орқали ёритиб берилди.
Айниқса, эҳром масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Эҳромнинг арконлари, фарз ва вожиб амаллари, эҳромга кириш тартиби, ният қилиш, ғусл олиш ва покликка риоя этиш каби жиҳатлар кенг тушунтирилди. Шу билан бирга, эҳром ҳолатида ман этилган ишлар — хушбўйлик ишлатиш, соч ва тирноқ олиш, жанжал қилиш, жонзотларга озор етказиш каби тақиқлар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида эҳром одоблари, жумладан, сабрли бўлиш, кўп зикр қилиш, тавба ва истиғфорни кўпайтириш, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби маънавий жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Бу эса зиёратчиларнинг ҳаж ибодатини нафақат зоҳирий, балки ботиний жиҳатдан ҳам мукаммал адо этишларига хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида бундай онлайн семинарлар отинойиларнинг билим ва тажрибасини оширишда, улар орқали эса жамиятда соғлом ва тўғри диний тушунчаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
«орқага


















