«Мафкуравий хатарларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ҳамда масъулияти»
03 сентябр 2026 й.
370 марта ўқилди.
Бухорода отинойилар учун «Мафкуравий хатарларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ҳамда масъулияти» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Бухоро вилоятидаги «Мир Араб» олий мадрасасининг мажлислар залида «Мафкуравий хатарларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ҳамда масъулияти» мавзусида икки кунлик ўқув семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари, Республика тарғибот раҳбари, фалсафа фанлари профессори М.М. Қаҳҳорова ҳамда Дин ишлари бўйича бўлим бошлиғи И. Ахмедова иштирок этиб, семинарнинг мақсад ва аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
Ўқув машғулотлари давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, доцент А. Аллоқулов томонидан «Мотуридийлик таълимотининг мутаассиб тоифаларга қарши курашдаги ўрни» ҳамда «Сохта салафийларнинг ақидавий хатолари» мавзуларида маърузалар қилинди.
Шунингдек, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш. Жўраев «Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг ҳуқуқий асослари» мавзусида маъруза қилди.
Семинар-тренингда бугунги кунда жамиятда учраётган мафкуравий хатарлар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳоли, айниқса, ёшлар онгига салбий таъсирининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда отинойиларнинг маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнида диний масалаларни тўғри, холис ва асосли тушунтириши, турли ёт ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришдаги ўрни ва масъулияти таъкидланди.
Хусусан, Мотуридийлик таълимотининг мутаассиб тоифаларга қарши курашдаги ўрни мавзусидаги маърузада Аҳли сунна вал жамоа ақидаси, хусусан, Мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик, мўътадиллик ва соғлом эътиқодни қарор топтиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
«Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг ҳуқуқий асослари» мавзусидаги машғулотда мамлакатимизда виждон эркинлиги, фуқароларнинг диний эътиқодидан қатъи назар қонун олдида тенглиги, давлат ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, отинойиларнинг фаолиятида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиши муҳимлиги қайд этилди.
«Сохта салафийларнинг ақидавий хатолари» мавзусидаги маърузада эса мутаассиблик ва радикал қарашларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг анъанавий ислом таълимотига зид жиҳатлари ҳамда бундай ғояларнинг жамият ва ёшлар онгига салбий таъсири ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, мавзу юзасидан фикр ва таклифлар муҳокама қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Семинар-тренинг отинойиларнинг маънавий-маърифий фаолиятини янада самарали ташкил этиш, мафкуравий хатарларнинг олдини олиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«орқага


















