Ҳаж–2025: Ўзбекистон делегацияси халқаро Ҳаж симпозиумида иштирок этди
02 июн 2025 й.
86 марта ўқилди.
Ҳаж–2025: Ўзбекистон делегацияси халқаро Ҳаж симпозиумида иштирок этди
2025 йил, 1 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида ташкил этилган 49-ҳаж анжуманида иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ҳаж-2025 мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.
Халқаро анжуман доирасида зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди.
Ҳожиларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди.
Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва экспертлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
«орқага