Ал-Азҳарда Имом Мотуридий мероси бўйича ўтказилган халқаро танлов ғолиблари тақдирланди
14 март 2023 й.
216 марта ўқилди.

Ал-Азҳарда Имом Мотуридий мероси бўйича ўтказилган халқаро танлов ғолиблари тақдирланди

2023 йил 12 март куни Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар анжуманлар саройида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий мероси бўйича мисрлик тадқиқотчилар ўртасида ўтказилган халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Юксак савия ва кўтаринки руҳда ташкил қилинган тадбирда 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳамда мисрлик олим ва мутахассислар, жамоатчилик вакиллари, жумладан, ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг ўринбосари доктор Муҳаммад Дувайний, ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби доктор Муҳаммад Назир Айяд, танловнинг Ҳакамлар ҳайъати аъзоси доктор Маҳмуд Ҳусайн, Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси маслаҳатчиси Музаффар Жалилов ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг ўринбосари доктор Муҳаммад Дувайний ўз сўзида Ўзбекистоннинг қадимги тарихи олтин зарварақларга тўла экани, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Президенти томонидан ушбу меросни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан олдинда бу юртни янада порлоқ келажак кутаётгани ҳақида хулоса қилиш мумкин дея таъкидлади.
Ҳакамлар ҳайъати аъзоси, ал-Азҳар университети профессори, доктор Маҳмуд Ҳусайн танловда ғолиб деб топилган совриндорларни қутлар экан, ушбу танлов бутун мусулмон оламида улкан воқелик бўлгани, Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, танлов ўз умрини исломни ёт ғоялардан ҳимоя қилишга бағишлаган буюк аллома ва унинг таълимотини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Мисрдаги элчихонаси масъул вакили Музаффар Жалилов ҳам танловнинг аҳамиятига тўхталиб, бу Имом Мотуридийнинг бутун дунё мусулмонлари хизмати йўлида амалга оширган меҳнати ва саъй-ҳаракатларини жамоатчиликка тарғиб қилиш учун ажойиб имконият бўлганини таъкидлади. Шунингдек, у Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига катта қизиқиш билдириб, мазкур танловни ташкил қилишга бош-қош бўлган ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх доктор Аҳмад Тоййибга чуқур миннатдорчилик изҳор қилди.
Тадбирда сўзга чиққан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот  маркази директори доктор Жамолиддин Каримов Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш юзасидан амалга ошираётган улкан хизматлари учун Шайх доктор Аҳмад Тоййибга миннатдорчилик билдирди. Марказ раҳбари ўз нутқида ал-Азҳар университети мўътадиллик ва васатийлик асосида минг йилдан ортиқ вақт давомида олимларни етиштириб бераётган улкан илмий муассаса эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, бугунги мафкуравий зиддиятлар авж олган бир даврда ислом динининг мўътадиллик ва васатийликка асосланган асл моҳиятини очиб бериш ҳамда уни кенг тарғиб қилиш мусулмонлар жипслиги ва тараққиётига хизмат қилиши муқаррардир.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур танлов Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий мероси, жумладан, мотуридийлик ақидавий мактабининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма манбаларини илмий асосда ўрганишни янада жадаллаштириш, таълимотда ёритилган умуминсоний қадриятлар ҳамда бағрикенглик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган бузғунчи оқимлар ғояларининг асоссиз эканлигини очиб бериш мақсадида ташкиллаштирилди.
Маросимда танлов ғолиблари ва барча иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар ҳамда махсус диплом тақдим этилди. Биринчи учта ўринни эгаллаган ғолибларнинг Ўзбекистонга 10 кунлик сафари ташкил этилиши эълон қилинди.
Мазкур тадбир Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида, хусусан, ал-Азҳар мажмуаси нашрларида кенг ёритилди. Бу каби тадбирларни ташкил этиш Миср ва Ўзбекистон дўстлигининг янада ривожланишига, таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди. 
Хулоса ўрни шуни айтиш мумкинки, бу каби халқаро кўламда ташкил қилинган тадбирлар Ўзбекистон диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб қилишга, юртимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.             
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram