“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
13 август 2022 й.
«орқага
670 марта ўқилди.
Бугун, 13 август куни Бухоро вилояти ҳокимлигида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини мукофотланганларга тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш эканлигини эътироф этди.
Таъкидланганидек, сўнгги беш йилнинг ўзида мамлакатимизда соҳага оид Ўзбекистон Республикасининг 1 та Қонуни, Президентимизнинг 6 та фармон ва 7 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарори, 5 та фармойиши қабул қилинди. Бу эса турли миллат вакилларининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган 35 дан ортиқ бошқа миллатга мансуб 100 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилишмоқда.
Албатта Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида қилинган ҳар қандай меҳнат, илғор фаолият эътирофсиз қолмайди.
Тадбирда мукофотлар тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди.
Бухоро вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Эркин Мажидов, Бухоро шаҳридаги “Ҳожи Мирали” масжиди имом-хатиби Дилшод Юсупов, Ромитан тумани “Абдулқодир Желоний” масжиди имом-хатиби Ғайрат Ҳусеновлар эса юртимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.