Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси
21 август 2020 й.
906 марта ўқилди.
Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси
Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз- халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Хужурот сураси, 13-оят)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган. Шунингдек, ушбу Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни demokratkom@parliament.gov.uz манзилига йўллаш мумкин экани ҳам маълум қилинган.
Қонун лойиҳасида кўзда тутилган бир нечта янгилик ва ўзгаришлар соҳада йиғилиб қолган муаммоларга ечим бўлди десак муболаға бўлмайди. Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасида кўзда тутилган янгилик ва ўзгаришларнинг бир нечтасига тўхталсак:
– диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди;
– виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;
– виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди;
– ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди;
– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;
– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;
– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;
– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди, унга кўра қуйидагилар белгиланди:
· рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;
· диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;
· диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;
· маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилди;
· рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди;
– диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати аниқланди;
– рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди;
– қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳа умумэътироф этилган юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа муҳокамасида экспертлар, мутахассислар ва барча фуқаролар ўзларининг таклифлари билан қатнашишлари мумкин.
ЎМИ Бухоро вилояти вакили Ж.Элов
«орқага