“Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал беллашуви ўтказилди
30 июл 2026 й.
223 марта ўқилди.
“Қуръон тинчликка буюради” шиори остида
“Заковат” интеллектуал беллашуви ўтказилди
“Заковат” интеллектуал беллашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал беллашуви ташкил этилди.
30 июль куни Бухоро вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида ўтказилган беллашувда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари А. Қаландаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили ўринбосари О. Авезов, Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасаси устозлари, қатор ташкилотлар вакиллари ҳамда танлов иштирокчилари қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари А. Қаландаров иштирокчиларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, мазкур каби интеллектуал тадбирлар диний соҳа вакилларининг билим ва салоҳиятини ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Беллашувда вилоятнинг 13 та ҳудудидан сараланган иштирокчилардан шакллантирилган 6 та жамоа — “Абу Ҳафс Кабир”, “Муҳаддислар”, “Фақиҳлар”, “Бухорийлар авлоди”, “Нақшбандийлар” ва “Янги Ўзбекистон” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди.
Мусобақа “Қуръон илмлари”, “Тажвидга оид блиц саволлари”, “Топқирлик ва чаққонлик” номли 3 та шарт асосида ўтказилди. Иштирокчиларга диний-маърифий, тарихий ҳамда умумий билимларга оид саволлар берилди.
Қизғин ва баҳсларга бой кечган беллашувда жамоалар ўзларининг билим савияси, мантиқий фикрлаши, тезкорлиги ҳамда жамоавий ҳамкорлик қобилиятини намоён этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан жамоаларнинг жавоблари баҳоланиб, якунда тўпланган баллар эълон қилинди.
Натижаларга кўра:
🥇 1-ўрин — “Янги Ўзбекистон” жамоаси;
🥈 2-ўрин — “Абу Ҳафс Кабир” жамоаси;
🥉 3-ўрин — “Бухорийлар авлоди” жамоаси;
4-ўрин — “Нақшбандийлар” жамоаси;
5-ўрин — “Муҳаддислар” жамоаси;
6-ўрин — “Фақиҳлар” жамоаси.
Тадбир якунида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида ўтказилган “Заковат” интеллектуал беллашуви кубоги ғолиб — “Янги Ўзбекистон” жамоасига топширилди. Кубокни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили ўринбосари О. Авезов тантанали равишда тақдим этди.
Шунингдек, беллашувда фаол иштирок этган бошқа жамоаларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур интеллектуал беллашув диний соҳа вакиллари ўртасида билим ва тажриба алмашиш, китобхонлик ва интеллектуал салоҳиятни ошириш, жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодга тинчлик ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага


















