Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу
29 феврал 2020 й.
2763 марта ўқилди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу
Қуръон ва суннатга мувофиқ ҳаётгузаронлик қилган, нафс ва шаҳват хуружини тақво ва ихлос билан жиловлаган, ғафлат ва жаҳолат пардасини муҳаббат ва маърифат нури билан ёрган Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари милодий 1103-йили Бухоро яқинидаги Ғиждувон даҳаси (шаҳрида) таваллуд топдилар. Оталари Имом Абдулжамил Имом Молик наслидан, зоҳирий ва ботиний илмлар олими, онаси эса Рум салтанатининг маликаларидан эди.
Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний дастлабки таълимни устозлари – Имом Садриддин қўлида оладилар. «Рашаҳот айн ал-ҳаёт»да келтирилишича, ёш Абдулхолиқ тафсир дарсларининг бирида устози Имом Садриддиндан “Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан У ҳаддан ошувчиларни севмас.” (Аъроф сураси, 55-оят) оятидаги «хуфёна дуо қилиш» маъноси тўғрисида сўраб: «Банда баланд овозда дуо ёки зикр қилганида бу нарса бошқаларга маълум бўлиб, ҳаддан ошиш ҳисобланса, ичида дуо ёки зикр қилганида эса шайтон ундан воқиф бўлиб, унга ҳалал берса, унда нима қилиш керак?», деган маънода савол берганида устози бунга жавоб беришдан ожиз қолиб: «Бу ладуний илмдир. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло хоҳласа, аҳлуллоҳдан бўлган бирор киши сенга учраб, бу борада йўл кўрсатади», дейди. Кейинчалик тасаввуф ва тариқат одоблари, зикр сабоқларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийдан ўрганиб “ХОЖАГОН” тариқатининг беназир муршиди комилларидан бири бўладилар.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари бутун умрини халқ дарди, ғамини ейиш билан яшаб ўтди. У зотнинг дард-у, ғами халқнинг ҳидоят сари юзланиши, бидъат ва хурофотлардан четланиб Аллоҳнинг каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила Аллоҳ Таолонинг розилигига муяссаар бўлишлари эди. Бу шарафли йўлда Каломи шарифга қадам бақадам амал қилиб, Суннати мутаҳҳарога қаричма қарич эргашган Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг олий ҳиммати эвазига Аллоҳ Ҳақ субханаҳу ва Таоло у кишининг ҳаёт йўли ва таълимотини абадийликда муҳрлаб қўйди. Аллоҳ азиз қилган киши икки дунёда азиз ва мукаррамдир. Бу зоти шарифнинг фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганларига қарийб минг йил бўлган бўлсада дунёнинг турли бурчакларидан, турли миллат ва элат вакиллари Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг муборак хоки пойларига келиб зиёрат қилишади, ҳамда маънавий файзларидан баҳраманд бўлишади. Аллоҳ Таоло у кишининг марқадларини муаттар қилсин.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари таваллудининг 915 йилликларини нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан улуғ бобокалонимиз дафн қилинган масканда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан: Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабрлари атрофида кўркам ҳазира, чиллахона, айвон барпо қилинди. Зиёратчи ва намозхонлар учун қулай бўлишлиги учун муҳташам ёзги айвон, эллик ўринли ошхона ва барча қулайликларга эга замонавий таҳоратхона, 3 та кириш дарвозаси қурилиб, мажумани ўраб турувчи девор миллий услубда янгиттан бино қилинди. Икки минг кв.метр йўлакларга оҳактош ётқизилди. Ҳозирда миллий меъморчилик анъаналарини, аждодларимиз қолдирган бой маънавий меъросини ўзида акс эттирувчи ушбу маскан нафақат маҳаллий зиёратчиларни балки дунёнинг турли бурчакларидан келувчи сайёҳларни ҳам ўз жилоси билан ҳайратда қолдирмоқда.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитлари: 1. Ҳаромдан қочгилки, акс ҳолда Аллоҳ таолодан узоқлашасан. Агар шундай қилсанг, тонгла дўзах оловида куймайсан. 2. Ҳалол егилки, бундан ибодатнинг ҳаловатини топасан, доимо Ҳақ таолонинг азобидан хавфда бўл. 3. Тариқатсиз кишилар билан ўтирма, тариқатсиз кишилардан шердан қочгандек қоч. 4. Ҳақ таолонинг азобидан озодман, деб ўйлама ва айни пайтда унинг раҳматидан ноумид бўлма. Қўрқинч ва умид ўртасида бўлгинки, солиҳ учун гоҳо хавф бўлса, гоҳо умид бўлади. 5. Сенинг нафсинг иштиёқ пайдо қилса, рўза тут. 6. Охиратнинг ғамида бўл, ўлимни кўп ёдла. 7. Амалга интилмагинки, кимки амалпараст бўлса, тариқат йўлига лойиқ эмас. 8. Илм ўрганмасдан туриб, ишга киришмагин. 9. Одамларнинг мақтовига учмагил ва уларнинг муҳокамасидан хафа бўлмагил. 10. Хушмуомала бўлгил. Ота-онангга, катта-кичикка миннатдорлик назари-ла боққил. 11. Асосинг - эътиқод илми, зийнатинг- дунё неъматларидан тийилиш, ҳамсуҳбатинг мудом Аллоҳ бўлсин. 12. Мансаб эгаллашга, раҳнамо бўлишга тиришма, кимки раҳбар бўлишни истаса, халоскорлик топа билмас. 13. Аллоҳ ғазабига учрамаслигинг учун гуноҳга ботмагил, кибр қилмагил. 14. Эй фарзандим! Ота-онанг ва тариқату шариатнинг барча шайхларига нисбатан ўз бурчингни пок бажаргинки, Аллоҳ сендан рози бўлсин! Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йилда она шаҳри Ғиждувонда вафот этди ва шу ерга дафн этилди. Буюк мутасаввиф Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний улкан илмий-маънавий мерос қолдирган. Ғиждувоний бир қанча асарлар ёзган бўлса ҳам бизгача унинг “Рисолаи тариқат”, “Рисолаи соҳибия”, “Васиятнома”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” деган асарлари етиб келган. Бу қўлёзмалар дунёнинг бир қанча кутубхоналарида сақланмоқда.
Кел, бизнинг сафга кир, мутлоқ қўрқма.
Мададкор эшикка бўл тупроқ, қўрқма.
Сен томон тир бўлиб, қўзғалса жаҳон,
Минг қалқон бўлурмиз ўша чоқ, қўрқма.
Ғиждувоний тариқатининг оламшумул, умумбашарий моҳият касб этишида бу тариқатнинг зикр услуби катта аҳамиятга эга. Аёнки, Ғиждувоний тариқатининг услуби — хуфя зикр, кўнгил зикридан иборат бўлган. Хўш, зикрнинг моҳияти нимаю кўнгил зикрининг хосияти қандай? Зикрни тасаввуф аҳли мақомлар сайри жараёнида фикрий-руҳий қувватни, тафаккур малакасини шакллантиришнинг энг яхши йўли деб билганлар. Зикрнинг моҳияти Тангри таолонинг номини ёд этишдир. Тасаввуфдаги бу ҳол Қуръоннинг “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз.” (Бақара, 152-оят) мазмунидаги оятидан озиқланган. Зикр сўфийга шундай имконият берганки, у камоли мушоҳадага берилган. Зикр ҳолатида сўфий бутун руҳий қобилиятини Аллоҳнинг номини зикр этишга сафарбар этган, унга нисбатан шу қадар ички шавқ пайдо қилганки, қолган ҳамма нарсани унутиш даражасига етган. Мутафаккир ўз рубоийсида зикрни бундай талқин этади:
Жоно, лабам аз зикри ту хомўш мабод,
Ёди ту зи хотирам фаромўш мабод.
Ҳар жо зи шумо ба лаб ҳадисе гўянд,
Зарроти вужуди ман ба жуз гўш мабод.
Рубоий Эргаш Очилов таржимасида бундай маъно касб этади:
Бир лаҳза тилим тин олмасин зикрингдан,
Бир лаҳза дилим тўхтамасин фикрингдан.
Ҳар узви қулоққа айланар жисмимнинг
Ҳар қайда сўз очсалар сенинг зикрингдан.
Демак, сўфийнинг вужуди, руҳи, фикру зикри Аллоҳ ёди билан бўлиши лозим.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг кўнгил зикри жуда катта тарбиявий, маърифий, инсонпарварлик моҳиятига эга.
Бар дўст муборакам, бар душман шум,
Дар жанг чу оҳанам, дар сулҳ чун мум.
Сарчашмаи нур Ғиждувон манзили мост,
Ман теғи дудама мезанам то дарвозаи Рум.
“Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди
имом-хатиби Орифжон Амонов
«орқага